08:40 / 28.08.2017
5350

АҚШ «Ҳарви» тўфони сабабли Мексика кўрфазида нефть қазиб олишни 22 фоизга қисқартирди

Фото: wjs.com

Американинг Техас штатида фаолият юритувчи 3 та йирик нефтни қайта ишлаш заводи «Ҳарви» довули сабабли фаолиятини тўхтатди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.

Аниқлик киритилишича, гап Американинг ExxonMobil, Нидерландия-Британиянинг Royal Dutch Shell ва Бразилиянинг Petrobras компаниялари заводлари ҳақида бормоқда.

Нашрнинг ёзишича, ExxonMobil Бейтаундаги заводини тўхтатган бўлса, Royal Dutch Shell Дир-Паркдаги қайта ишлаш қувватини ёпишга мажбур бўлган. Petrobras Пасадинадаги заводни тўхтатди. 

Бундан ташқари, Корпус-Кристи шаҳри ҳудудидаги барча нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.

Умуман, АҚШ Мексика кўрфаазида нефть қазиб олишни 22 фоизга қисқартиришга қарор қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Атроф муҳит муҳофазаси ва хавфсизлиги бюросига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Унга кўра, кунлик газ қазиб олиш 26 фоизга қисқарган, бу 24,4 млн м3 ни ташкил этади. 

Тўфон туфайли жами 105 та қазиб олувчи платформа ходимлари кўчирилди. Бу АҚШнинг кўрфаздаги платформаларининг 14 фоизидир. 

Сўнгги маълумотларга кўра, 25 август куни Техас штатига ёпирилган «Ҳарви» тўфони шу пайтга қадар 5 кишининг умрига зомин бўлди. 

Табиий офат оқибатида штатнинг кўплаб шаҳарлари сув остида қолди. Ҳьюстон шаҳри ҳокими Сильвестер Тернернинг баёнот беришича, шаҳар довул сабабли сув остида қолди. 

Top