20:33 / 28.08.2017
5072

Австралиялик ногирон Ла-Манш бўғозини сузиб ўтди

Фото: Twitter/CoachTimSwim

Австралиялик 55 ёшли Майкл Поуэлл Ла-Манш бўғозини сузиб ўта олган, имконияти чекланган 6-киши бўла олди. Брисбенда яшовчи ҳамда бир оёғи йўқ бўлган Поуэллга бўғознинг энг тор жойини (34 км) сузиб ўтиш учун 15 соат-у 25 дақиқа кифоя қилди. Поуэлл масофанинг бир қисмини эркин, брасс услубларида, бир қисмини эса орқасида сузиб ўтган. 

“Бунга эришиш учун мен икки йил давомида жадал машғулотлар ўтказдим. Жумладан, океанда бир неча соатлар давомида машқ қилдим”, деб айтди Поуэлл журналистларга.

Ла-Маншни сузиб ўта олган энг машҳур ногирон франциялик Филипп Круазон ҳисобланади. У бўғозни сузиб ўта олган илк қўл-оёқсиз одам бўлган. Круазонга бунга эришишида ластларга эга махсус протезлар ёрдам берган. Дастлаб у бўғозни кечиб ўтиши учун камида бир сутка кетиши тахмин қилинган, бироқ унга 13 соат етарлилик қилган.

Cоғлом спортчилар орасида Ла-Маншни сузиб ўтиш бўйича рекорд эркаклар орасида 6 соат-у 55 дақиқани, аёлларда эса 7 соатдан кўпроқни ташкил қилади. Бўғозни сузиб ўтган энг кекса одам 70 ёшли британиялик жарроҳ Рожер Оллсоп ҳисобланади, у буни 18 соатда қила олган.

Бутун тарих давомида Франция ва Буюк Британия ўртасидаги масофани 900 дан кўпроқ одам сузиб ўта олган. Буни биринчи бўлиб 1875 йилда британиялик Мэтью Уэбб амалга оширган. Унинг натижаси 21 соат-у 41 дақиқани ташкил қилган. Аёллардан эса буни биринчи бўлиб америкалик Гертруда Эдерле 1926 йилда амалга оширган. Унинг натижаси 14 соат-у 39 дақиқани ташкил қилган.

 

Top