16:13 / 28.08.2017
22751

Қўқондаги ёш оилалардан бирида бирваракайига уч фарзанд дунёга келди

Қўқон шаҳридаги “Янги чорсу” маҳалласида истиқомат қилувчи Қаюмовлар хонадонида бугун байрам. Бир йил олдин оила қуришган ёшлар оиласида бирваракайига уч қизалоқ дунёга келди. Ёш оила қизалоқларга Фотима, Зуҳра ва Солиҳа деб исм қўйишди. 

Шуниси эътиборга молик-ки, уч ака-ука битта хонадонда аҳил ва иноқ яшашади. Чақалоқлар кенжа уканинг оиласида дунёга келди. Ушбу янгиликдан хабар топган Қўқон шаҳар ҳокимлиги дарҳол маҳалла фаоллари ва ҳокимлик ходимлари шахсан шаҳар ҳокими Раҳматали Жалилов бошчилигида ёш оиладан хабар олишди ва янги «меҳмон»ларга совға-саломлар улашишди.

Шаҳар ҳокимлиги аъзолари оиланинг яшаш шароитига ўзлари гувоҳ бўлишгач, ёш келин-куёвга ёшлар учун ажратилаётган уй масаласида яқиндан ёрдам беришни ваъда қилишди. 

«Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бошлаб берилган ва олиб борилаётган хайрия ишларига жойлардаги ҳокимликлар ҳам қараб турмасдан, ўзлари ташаббус кўрсатиб, ҳолимиздан хабар олаётганлари таҳсинга лойиқ», — дейишди бахтдан масрур келин-куёв Жалолиддин ва Одинахон Қаюмовалар.

Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Андижон шаҳрида оила бир йўла тўрт эгизак фарзанд кўргани ҳақида хабар берган эдик.

Ўз мухбиримиз

Top