18:40 / 29.08.2017
32242

Мактаб маъмурияти металлолом учун пул сўрашга ҳақлими?

Фото: Блог Гродно

Янги ўқув мавсумининг бошида турар эканмиз, ота-она ва ўқувчиларни, кези келса, ўқитувчиларни ҳам бир муаммо қийнайди: металлолом топшириш аталмиш мажбурият ва у бажарилмаган ҳолатда белгиланган суммани тўлаш. Kun.uz мухбири ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг расмий вакили билан боғланди.

«Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаблари учун металлолом топшириш режаси белгиланмайди. Шуниндек, Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 13 июндаги «Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 185-сонли буйруғи билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 3 июлда рўйхатдан ўтказилган 2377-сонли намунавий низомнинг 24-бандига асосан таълим муассасасида ўқувчилар (тарбияланувчилар) ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли хил сабаблар билан таълим муассасаси раҳбарияти ва бошқа ходимлари (синф раҳбарлари, ўқитувчилар, тарбиячи, тарбиячи-ёрдамчилар ва тўгарак раҳбарлари) томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади», дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Фарҳод Узоқов.

Бундан ташқари, вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида 18 ёшгача ўқувчи (тарбияланувчи)лар таълим-тарбия олишлари сабабли, уларни металлолом йиғиб топширишга жалб этилиши «Болалар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциянинг 32-моддасига зиддир.

Бундан келиб чиқадики, қонунда назарда тутилмаган ҳолат бўйича мактаб маъмурияти ўқувчи ёки унинг ота-онасидан пул тўловларини талаб қилиши тақиқланган. Шунингдек, ўқувчининг металлолом йиғиб, топширишини талаб қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларининг бузилиши билан белгиланиб, болани мажбурий меҳнатга жалб этиш сифатида баҳоланади.

Мавзуга оид
Top