16:10 / 29.08.2017
45990

Депутат «нархоз машмашалари»га муносабат билдирди

Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутати Абдуқодир Тошқулов республикадаги айрим обрўли олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига доир фикрлари билан ўртоқлашди. У партиянинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида уюштирилган жонли эфирида шу ҳақда берилган саволга жавоб берар экан, “нархозда бу каби тестлар ўтказиш йиллар давомида мавжуд” бўлганини таъкидлади. У масалага фикр билдирар экан, жумладан шундай деди:

“Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги кириш тестлари йиллар мобайнида одамларнинг оғзида эди. У ердаги адолатсизликлар, бошқа масалалар ҳам муҳокама бўларди.

Фото: Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда

«Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?

Минг афсус, давлатимиз раҳбари томонидан тест имтиҳонлари устидан назоратни амалга ошириш бўйича талаблар қўйилишига қарамасдан, ҳукумат бу масала бўйича катта саъй-ҳаракатлар қилишига қарамасдан, ўзингиз кўрдингиз — ўтиш баллидан пастдаги балл 2—2,5 баробар фарқ қиляпти.

Мен ўзим 20 йил таълимда ишлаганман. Ҳозир ҳам ярим ставкада дарс бераман. Лекин таълимда ишлаган-ишламаганидан қатъи назар, ҳолат барча учун аниқ жавоб. Бу бўйича менинг фикрим худди сизникидек”.

Депутатнинг ишонч билдиришича, тез орада тест имтиҳонлари ислоҳ этилади. Бунга Давлат раҳбарининг ўзи бевосита раҳбарлик қилади. 

Нархоздан ниманинг иси келмоқда?

«Нархоз»га кимлар кирган ўзи: Схема қандай ишлаган?

“Давлатимиз раҳбарининг бир неча чиқишларида кузатдим — тест имтиҳонлари ислоҳ бўлади. Бундан тўрт йиллар аввал ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши йиғилишида: “Тестни ҳам ислоҳ қилишимиз керак, бунда ёмон жиҳат йўқ. Баъзи давлатлар иншони қўшяпти, бу масалаларни ҳам ўйлаш керак”, деганимизда бироз эътироз бўлди: “Сиз ҳамма давлатни ҳавас қилаверманг. Бизда яхши” каби.

Ўшанда ҳам бу университетда аҳвол мана шундай эди. Шунинг учун, мен аминман, кейинги ўқув йилида барча хатоларимиз ҳисобга олиниб, умуман қабул жараёни ислоҳ қилинади. Таълимдаги ислоҳотларимиз энди бошланди. Жуда оғир жараён бу. Бунга вақт керак. Хорижий давлатлар тажрибасини ҳақиқатда ўрганишимиз керак”, - деди Абдуқодир Тошқулов.

Top