22:25 / 30.08.2017
86709

Йўқ жойдан пайдо бўлган ўзбек-тожик бизнеси: Хавфи ҳам, оқибати ҳам ўзингга

Фото: Asia-Plus

Ўзбек-тожик бизнесининг ривожланишига нима тўсқинлик қилиши мумкин? Виза режимидан ташқари яна бир қатор ҳолатлар мавжуд. Улардан бири — биз турли даражадаги ривожланиш босқичида эканлигимиз... — деб ёзади Тожикистоннинг Asia-Plus медиа гуруҳи.

Ўзбекистонда ҳокимият тепасига янги президент Шавкат Мирзиёев келгач ва унинг ҳукумати қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшилаш томон ҳаракат бошлаганидан сўнг Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айланмаси кескин оша бошлади. Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, биз ўзаро 60 миллион долларга яқин савдо-сотиқ қилганмиз, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўп дегани.

Бизнинг республикамиз билан товар айрибошлаш структурасида Ўзбекистон Эрон ва Афғонистон каби давлатлардан ўзди ва айни пайтда Россия, Қозоғистон, Хитой ва Туркиядан кейин бешинчи ўринда турибди. Тожик мулозимларининг сўзларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар «кундан кунга яхшиланиб бормоқда».

 

Бизнес учун имкониятлар жуда кенг. Ҳозирча фақат Ўзбекистонда...

Лекин айни пайтда Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида бор-йўғи иккита назорат-ўтказиш пункти фаолият кўрсатмоқда. Тожикистондагилар яқин келажакда яна қўшимча пунктлар очилишини айтишмоқда.

Фото: Asia-Plus

Савдо-иқтисодий муносабатларни яхшилаш мақсадида шу йилнинг бошида Душанбеда илк марта Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Жавоб кўргазмаси Тошкентда сентябрь ойида ўтказилиши мўлжалланган.

 

Ҳаммаси гўёки яхшидек. Аммо...

Тожикистонлик иқтисодий шарҳловчи Сафар Нурали айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти ва компаниялари Тожикистон билан савдо-сотиқ қилиш учун яхшироқ тайёрланганини таъкидлайди.

Унинг фикрича, бу факт кичик капитализацияси ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида диверсифакция йўқлиги нуқтаи назаридан тожик бизнеси учун маълум бир хатар туғдиради.

— 2016 йилда Тожикистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 6.8 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган, Ўзбекистоннинг ЯИМи эса — 67.2 млрд доллар атрофида. Бизнинг мамлакатимиз 2016 йилда 0,9 млрд. долларлик маҳсулот экспорт қилиб, 3,3 млрд. долларга яраша импорт қилган.

Ўзбекистонда эса шу давр ичида кўрсаткичлар қуйидагича: 12,5 млрд. доллар экспорт қилган ва 12,1 млрд. доллар импорт, — дейди иқтисодчи. — Қўшнимизнинг олтин-валюта захиралари тахминан 20 млрд. долларга тенг, бизда эса у норасмий баҳолашларга кўра, импортнинг 3 ойига, яъни 0,6 млрд. долларга тенг.  

Бу йилнинг биринчи ярим йиллигида тожик-ўзбек иккитомонлама товар айрибошлаш ҳажми 59 млн. долларни ташкил этди. Умумий савдо айланмасида 34 млн. доллардан зиёдроқ маблағ ўзбек маҳсулотларини Тожикистонга импорт қилиш, 24 млн.дан ортиқроқ сумма эса Тожикистон маҳсулотларини экспорт қилишга тўғри келади.

Нуралининг фикрича, икки давлат ўртасида фаол савдо муносабатларини ривожлантириш учун мамлакатлар ўртасида 2000-йиллар бошида жорий этилган виза режими фаол ҳамкорлик, товарлар, инсон ресурслари ва капиталнинг очиқ ҳаракатига жиддий тарзда халақит қилмоқда.

— Кейинги муҳим вазият — Тожикистондаги валюта айрибошлаш курсининг расмийси ҳам, тижорийси ҳам деярли бир хиллиги, тебранишлар эса деярли сезилмас, — дея давом этади эксперт. — Ўзбекистонда эса расмий курс ҳамда “қора бозор” курси бор ва у расмийсидан деярли 2 баробар юқори. Шундай қилиб, расмий конвертацияга эга ўзбек компаниялари бундай рухсати йўқларга нисбатан икки баробар кўпроқ фойда қилишлари мумкин. Ўзбекистонда ўз маҳсулотларини сотадиган Тожикистон компанияларига ҳам бундай имтиёз берилиши — катта савол.

Шунингдек, Тожикистондан Ўзбекистонга пул ўтказишда қўшни давлат компанияларда ҳам қийинчиликлар вужудга келади.

 

Плюслар ҳам бор, лекин истиқболда...

— Давлатлар орасида ҳанузгача давлат чегараларини демаркация қилиш масаласи турибди, — дея давом этди Сафар Нурали, — Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида темирйўл қатнови йўқ.

“ Тарихан Сўғд вилояти бошқа ҳудудларга нисбатан Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ, шу сабабли айнан шу ерда савдо алоқалари тезроқ йўлга қўйилса керак, — дейди эксперт. — Лекин буларнинг барчасига виза режими тўлиқ бекор қилинганидан сўнг эришиш мумкин”.

— Шунингдек, тан олиш керакки, Тожикистонда Ўзбекистон компаниялари билан рақобат қила оладиган корхоналар жуда кам, айниқса, саноат ишлаб чиқариш соҳасида. Чекланган капитал, эски технология ва эскирган ускуналарга эга, экспорт салоҳиятини зарур даражада таклиф қила олмайдиган тожик компанияларидан фарқли ўлароқ, ўзбек компаниялари давлатдан жиддий ёрдам олишади. Бу томондан биз аниқ ютқазамиз, — дейди Нурали.

Экспертнинг таъкидлашича, бошқа томондан олиб қаралса, Ўзбекистон бозори деярли 4 баробар катта ва у тожик бизнеси учун истиқбол эшикларини очади, лекин барибир кучсиз тизимли қўллов, молиявий ресурсларнинг чекланганлиги, миллий компанияларнинг ноу-ҳау ва технологиялигига бориб тақалади.

Тожик ишбилармонлари Ўзбекистондан маҳсулотларни
контрабанда йўли
билан олиб киришни маъқул кўришади
Фото: Asia-Plus

 

«Ўнлаб йиллар керак бўлади»

Виза муносбатлари ҳақида алоҳида суҳбат қилишни лозимни топдик, чунки у барча йўналишларда давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар йўлида энг асосий тўсиқ бўлиб турибди. Бу ҳақда тожик ва ўзбек ишбилармонларининг фикрлари билан қизиқдик.

Ўзбекистон янги юз йилликнинг нолинчи йилларигача Тожикистоннинг асосий савдо ҳамкор бўлган. Икки қўшни давлат ўртасидаги йиллик савдо ҳажми ярим миллиард доллардан ҳам ошарди. 2007 йилга келиб тожик-ўзбек товар айрибошлаши ҳажми 300 млн. долларгача камайди, 2014 йилга келиб у 100 млн. долларни ҳам ташкил этмай қолди.

Сўғдлик ишбилармон Азиз Тешаев Ўзбекистондан Тожикистонга пойафзал учун чарм олиб кириш билан шуғулланади. Сўнгги вақтлар ичида у икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларда айтарли яхшиланишни ҳис қилганича йўқ.

Унинг сўзларига кўра, илгари Ўзбекистон ҳукумати Тожикистонга чарм экспортига рухсат бермаган ва у Сўғдга контрабанда йўли билан олиб ўтилган. Ҳозир Тошкент рухсат бергани билан, энди божхона, солиқ, милиция ва чегарачиларга тўловлар жорий этилган...

— Яхшиси, илгаридек контрабанда йўли билан олиб кираверган маъқул: шундай ташвиш ва харажат камроқ бўлади, — дейди Тешаев.

Тожикистонлик бизнесмен Тўра Холмаҳмадов Душанбедан Сурхондарё вилоятига атлас ва адрас экспорт қилади. У пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилади.

— Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида ҳаттоки оддий почта орқали пул жўнатмалари ўтказиш тизими йўлга қўйилмаган, катта миқдордаги нақд пул билан битим тузишга киришиш эса жуда хатарли. Икки давлатнинг банк тузилмалари ўртасидаги ҳамкорлик нол даражада, — деди у.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, «қўшнилар биз ҳақимизда, иқтисодиётимиз тўғрисида, бизнинг саноат, савдо ва инвестициядаги имкониятларимиз борасида ҳеч нарса билишмайди. Бинобарин, бизнес ҳам олинга силжимаяпти».

Тошкентлик ишбилармон Жонибек Исматуллаев йил бошидан буён Тожикистон бозорига савдо марказлари учун музлаткич сотишни йўлга қўйган. Унинг айтишича, ҳозирча у барча хавф-хатар ва оқибатларни ўз зиммасига олиб ишламоқда. Барчасига сабаб эса...

— Тошкент ва Душанбе ўртасида ишбилармонлар ва инвесторлар ҳуқуқларини иккитомонлама ҳимоя қилиш учун шартномавий-ҳуқуқий база мутлақо мавжуд эмас. Иккитомонлама савдо алоқаларини ривожлантириш учун ҳозироқ давлатларимиз пойтахтларида савдо-иқтисодий ваколатхоналар очиш, ўзбек-тожик ишбилармонлик жамғармаси тузилиши керак, — дейди Исматуллаев.

Унинг ватандоши, Қарши шаҳрилик ишбилармон Қосимберди Холиқов мактаб ва мактабгача таълим муассасалари учун мебель ишлаб чиқарувчи корхонани бошқаради.

Ўтган йилнинг охиридан бери у тожик бозорига кириш учун муваффақиятсиз уриниб келади.

— Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида тобора тезлашиб бораётган савдо-иқтисодий алоқалар айни пайтда фақат давлат корхоналари ва йирик компанияларнигина қамраб олган. Ўрта ва кичик бизнес вакиллари бу соҳага киришлари учун ҳали ўнлаб йиллар талаб этилса керак, — дея гапирди у ишонч билан.

Top