14:39 / 30.08.2017
9741

Наманганда янги тиббий муассасалар фойдаланишга топширилди

Фото: Namnews.uz

Истиқлол айёми арафасида Наманган аҳолиси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва қурувчилардан ажойиб туҳфа олдилар. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари биноларини қайта таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. 

Тизимдаги кенг кўламли ислоҳотлар баробарида мавжуд 211 та қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида 62 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 75 та қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида уларнинг хизмат кўрсатиш вақти эрталаб соат 8 дан кечқурун соат 20 гача узайтирилди. Қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокорлари билан бирга олтита тор соҳа мутахассислари, жумладан, педиатр, терапевт, гинеколог, хирург, стоматолог, УТТ врачи фаолияти йўлга қўйилди.

Фото: Namnews.uz

Шу билан бирга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари биноларини ҳам қайта таъмирлаш ва имкониятларини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникасини қайта таъмирлаш учун 1,5 миллиард сўмдан ортиқ бюджет ва ҳомийлар маблағи, Учқўрғон туманидаги 38-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳомийлар томонидан 900 миллион сўм ва бюджетдан 270 миллион сўм, Чортоқ туманидаги Ҳазратишох қишлоқ врачлик пунктида эса 195 миллион сўм бюджет, 150 миллион сўм ҳомийлар маблағи сарфланди.

Косонсой туманидаги 5-, Мингбулоқ туманидаги 7-, Наманган туманидаги 12-, Норин туманидаги 19-, Поп туманидаги 21-, Тўрақўрғон туманидаги 27-, Уйчи туманидаги 33-, Чуст туманидаги 45-, Янгиқўрғон туманидаги 60-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлангач бинолар ва ҳудудлар янада кўркам қиёфага кирди. Шунингдек, қайта таъмирланган ўнлаб қишлоқ врачлик пунктлари ҳам юртдошларимизга хизмат қила бошлади.

Таъмирлаш ишлари сифатли амалга оширилганлиги боис Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникасидаги имкониятлар янада кенгайди. 55 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган масканда энг такомиллашган технологиялар қўлланилмоқда. Айниқса, фаолиятга замонавий ахборот-коммуникация технологиялари татбиқ этилаётганлиги муҳим янгиликдир.

Фото: Namnews.uz

Мамлакат вилоятлари ичида биринчи бўлиб Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «O‘zMedInfo» ташкилоти ҳамда вилоят компютерлаштириш маркази билан биргаликда ушбу поликлиникада «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали беморларнинг тиббий карталари электронлаштирилиб, ягона электрон рўйхатга олиш ва Интернет тармоғи орқали тўғри-тўғри шифокор қабулига ёзилиш имконияти яратилди. Янги тизимнинг афзаллиги шундаки, беморларнинг қабули электрон навбатга қўйиш орқали амалга оширилиши натижасида аҳолининг вақти тежалади ва уларнинг давлат бошқаруви идораларига ишончи ортади.

Айни пайтда «O‘zMedInfo» ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизими Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникаларда босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошланган.

Шу билан бирга тез тиббий ёрдам шохобчаси поликлиникага кўчирилганлиги тиббий хизматни узлуксиз, туну кун давом эттириш имконини яратди. 5 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолига хизмат қилмоқда. Тиббий патронаж хизмати учун "Матиз" автомашинаси ажратилганлиги эса уйида ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиш ва мазкур хизмат ишини янада яхшилашда ғоят асқатмоқда.

Куни кеча мазкур оилавий поликлиниканинг тақдимот маросими ўтказилди. 

Top