08:27 / 31.08.2017
10358

Нима учун айрим ташкилот раҳбарлари маҳаллага умуман ташриф буюрмайди?

Нима сабабдан мутасадди ташкилот раҳбарларининг кўпчилиги маҳаллага умуман ташриф буюрмайди? Айнан шу масала 30 август куни Халқаро пресс-клуб навбатдаги сессиясида 17 йилдан буён Мирзо Улуғбек тумани, Катта Қорасув МФЙ раиси бўлиб фаолият юритиб келаётган Наима Жабборова томонидан ўртага ташланди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар беради.

"Нима учун Президентимиз маҳаллаларга шунча эътибор қаратмоқда-ю, бироқ айрим ташкилот раҳбарлари умуман аҳамият беришмайди. Баъзи бир катта лавозимда ишлайдиган масъул шахслар, давлат идоралари раҳбарлари ўзлари турадиган маҳаллага ҳеч бўлмаганда бир ойда бир марта  ташриф буюришадими, деган савол юзага келади. "Отахон, онахон, раис бува қандай камчиликлар бор? Маҳаллада нима янгиликлар бўлмоқда? Мамлакатимизда жуда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, биздан қандай ёрдам керак?" деб мурожаат қиладиганлар жуда кам. Афсуски, кўплаб мутассадди ташкилот вакиллари фақатгина ўзимиз мурожаат қилиб чақирсак, ташриф буюришади", - деди МФЙ раиси. 

Шунингдек, МФЙ раиси маҳалла ва мактабларда ташкил этиладиган тадбирларга масжид домлаларининг ташриф буюрмаслигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди. 

"Маҳаллада турли тадбирлар ўтказилади, одамлар йиғилади, лекин домлаларимиз келмайди. Ёшларни тўғри йўлга солишда домлаларнинг ҳам ўз ўрни бўлади. Улар ўз эгаллаган билимларини атрофдагиларга улашиши лозим. Биз масжид домлаларидан маҳалла ёки мактабларда ташкил этиладиган мулоқотларда қатнашишларини сўраб қоламиз", - дея қўшимча қилди раис. 

Пресс-клуб давомида маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш учун оммавий, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, шанбалик, озодалик кунларини кўпроқ ташкил этиш, мулоқотни кенгайтириш таклифлари берилди.

Top