10:12 / 31.08.2017
6748

Сингапур президенти истеъфога чиқди

Фото: AP

Сингапур президенти Тони Тан 31 авгст куни расман ваколатларидан истеъфо берди. У олти йил давлатни бошқарди. Янги давлат раҳбари сайлови 23 сентябрда бўлиб ўтади. Унда 3 нафар номзод иштирок этади.

77 ёшли сиёсатчи Сингапур энг янги тарихидаги 7-президент бўлди. У 2011 йилги сайловларда ғалаба қозонган эди. Ўшанда, биринчи марта президентлик учун бир неча киши даъвогарлик қилганди. Бунгача президентлик сайловлари муқобил номзодларсиз бўлиб ўтар эди. Тони Тан турли йилларда бош вазир ўринбосари, мудофаа вазири, Давлат инвестиция корпорацияси (GIC) ижрочи директори лавозимларида ишлаган.

Мамлакат конституциясига мувофиқ, шаҳар-давлатда президент ҳокимияти чекланган, мамлакатни амалда бош вазир бошқаради. Давлат раҳбари бюджет лойиҳасига вето қўйиш, ҳукумат лавозимларига тайинлаш, судланган жиноятчиларни авф этиш ҳуқуқига эга ҳамда мамлакат олтин-валюта захиралари ҳимоячиси ҳисобланади. Ҳукумат қарорлари камдан-кам ҳолларда муҳокама қилинади. 

Top