23:16 / 01.09.2017
23198

Тарихдаги энг йирик астероид сайёрамиз ёнидан учиб ўтди

Фото: Fotolia / 3000ad

Кузатувлар тарихи давомида Ерга яқинлашган астероидлардан энг каттаси бўлган Florence астероиди 1 сентябрда сайёрамиз ёнидан унга ҳеч қандай зарар етказмасдан потенциал хавфли масофадан учиб ўтди. Бу ҳақда Москва давлат университетининг Штернберг номидаги давлат астрономия институти космик мониторинг лабораторияси раҳбари Владимир Липунов маълум қилди. 

“Florence сайёрамиз ёнидан учиб ўтди. Уни бизнинг “Мастер” тармоғимиздаги роботлашган телескоплар ёрдамида аввал Байкал, сўнгра Жанубий Африка устида кузатиб, суратга олдик”, деб айтган олим.

Унинг таъкидлашича, само жисми Ерга 7 млн километр масофага яқинлашган. Бу масофа Ердан Ойгача бўлган масофадан 18 маротаба каттадир.

Штернберг номидаги давлат астрономия институти катта илмий ходими Владимир Сурдиннинг айтишича, астероиднинг яқинлашиши бутун дунё астрономларида қизиқиш уйғотган. “Бу ҳодиса биз бундай йирик астероидларни бунгача катта аниқлик билан ҳали ўрганмаганимиз сабабли ноёбдир. Унинг яқинлашишида ҳеч қандай қўрқинчли нарса бўлмаган, илмий қизиқиш эса албатта бўлди, чунки бундай катта астероидлар сайёрамиздан анча узоқдан учади, бу астероид эса биринчи марта яқин келди”, деб айтган олим.

Сурдиннинг қўшимча қилишича, ҳар қандай астероид ўзича қизиқдир, чунки у ўзида катта сайёралар шаклланган моддаларни ташийди. “Биз сайёрамиз ичига боқа олмаймиз, у ерда барча нарса катта чуқурликлар остида жойлашган, астериодлар эса катта сайёрлар ички қисмини шакллантирган ғиштлардир. Биз уларни ўрганиб, Ер тубида қандай моддалар борлигини билишимиз мумкин”, деган олим.

Florence’нинг диаметри 4,5 км га тенг бўлиб, у 1981 йилда америкалик астроном Шелте Бас томондан очилган. 

Top