00:25 / 01.09.2017
22600

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Мустақиллик байрами нишонланди

Фото: ЎзА

Шавкат Мирзиёевнинг 27 июндаги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига катта тайёргарлик кўрилди. Жамиятимиздаги янгиланишларга мувофиқ байрам тадбирлари ҳам янгича шакл ва мазмун касб этди.

Асосий тантанали маросим 31 август куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар ходимлари, турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Саройга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди. Давлатимиз раҳбари минбарга таклиф этилди. Президентимиз мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги билан халқимизни муборакбод этиб, нутқ сўзлади.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. Байрам аҳли қўлларини кўксига қўйиб, мустақиллик қўшиғига жўр бўлди. Оҳанг оғушида Ватан манзаралари, истиқлол тарихи тасаввурда гавдаланди.

Истиқлолимизнинг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотираси чуқур эҳтиром билан ёдга олинди.

Саҳна ортидаги улкан мониторда мусаффо осмонимиз, оппоқ кабутарларнинг самога парвоз қилгани тасвири акс этди. Гўё буюк Йўлбошчимиз руҳи жонажон Ватанининг янги парвозларига оқ йўл тилади.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг янги даврига янги етакчи билан қадам қўйди. 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган умумхалқ сайловида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов сиёсатини давом эттириш, шу билан бирга, барча соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадини баён этди.

“Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз”, деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини ошириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бошқарув органлари фаолияти такомиллаштирилди, кўплаб вазирлик ва идоралар қайта ташкил этилди, янги ташкилотлар тузилди.

Фото: ЎзА

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилга мувофиқ, халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали тизими йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари, жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фото: ЎзА

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган ғоя асосида аҳолига кенг имкониятлар бериш, унинг реал даромадларини кўпайтириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, экспорт  ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Байрам дастури ҳар қачонгидан бошқача бўлди. Куй-қўшиқлар шеърлар билан уйғунлашиб кетди. Болаларнинг чиқишлари барчага табассум улашди. Ҳарбийларимизнинг мардонавор овози дилларга кўчди. Жаҳон мумтоз мусиқалари завқ бағишлади. Тантанали маросим санъаткорлар жўрлигидаги “Ватан азиздир” қўшиғи билан ниҳоясига етди.

Фото: ЎзА

Байрам тадбирларида янграган куй-қўшиқлар олис-олисларга таралмоқда. Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида байрам тантаналари, халқ сайиллари давом этмоқда.

Top