16:50 / 02.09.2017
55376

Фоторепортаж: Самарқанд аҳли Ислом Каримов қабрини зиёрат қилмоқда

Бугун, 2 сентябрь куни Ўзбекистон Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президент Ислом Каримов дафн этилган масканда барпо этилган ёдгорлик мажмуасида хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабарига кўра, маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда марҳум президентнинг беваси Татьяна Каримова иштирок этди.

Мақбара Марказий Осиё меъморчилиги анъаналари бўйича қурилган.

Президент Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрат Хизр масжиди мажмуаси ҳудудида мақбара қурилиши лойиҳаси Республика комиссияси ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Бош бошқармаси томонидан ишлаб чиқилиб, тақдим этилганди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан мазкур лойиҳани ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС (Ёдгорлик ва меъморий обидаларни сақлаш Халқаро кенгаш) билан мувофиқлаштириш ишлари олиб борилди.

Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОС ташкилотлари ёдгорлик обидасини қуриш лойиҳаси билан танишиб чиқди, мазкур халқаро ташкилотлар мутахассислари 2016 йилнинг декабрида Ҳазрат Хизр масжидига келиб, қурилиш ишларини ЮНЕСКО мезонларига мувофиқ ҳолда, яъни Бутунжаҳон меъроси объектининг тарихий кўринишини сақлаб қолган ҳолда амалга ошириш борасидаги тавсияларини берди.

Қурилиш ишларида маҳаллий ишчилар билан бирга ҳиндистонлик усталар иш олиб борди, мақбарада фойдаланилган қимматбаҳо тошлар ҳам Ҳиндистондан олиб келинган. Ёғоч ўймакорлиги билан боғлиқ барча ишлар Ўзбекистон халқ устаси Насрулло Соҳибназаров ва Миржалол Асадов томонидан шогирдлари билан бирга, шунингдек, қўқонлик Муҳаммадамин иштирокида бажарилди. Ганч ўймакорлиги бўйича ишларни Ўзбекистон халқ устаси Мансур Муродов ҳамда Амриддин Нажмиев бажаришди. Майолика ва мозаика монтажи билан Раҳмон Тоҳиров бошчилигидаги гуруҳ шуғулланди, деворларни нақшлаш ишларида Ўзбекистон халқ устаси Абдуғани Каримов бошчилигидаги гуруҳ банд бўлди.

Мақбара атрофида айвон бунёд этилди, мақбара ёнида жойлашган Ҳазрати Хизр масжиди реставрация қилинди. Шоҳи Зинда ва Ҳазрати Хизр қабристонлари деворлари янгича кўриниш олди.

Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари туну-кун давом этиб, 3 сменада 2 мингдан зиёд ишчи меҳнат қилди.

Фотолар муаллифи: Шерзод Икрамутдинов 

Top