19:02 / 04.09.2017
55765

Бабаян Сергеев ва Кримецни нега таркибга жалб этаверишини тушунтириб берди

2018 йилда Россияда бўлиб ўтадиган ЖЧ саралаш босқичининг Осиё минтақасида иштирок этадиган Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари учрашуви олдидан мезбонлар устози Самвел Бабаян ва Жалолиддин Машарипов матбуот анжуманида иштирок этди.

«Эртага биз учун, мухлислар ва мамлакат учун жуда муҳим учрашув бўлади. Эртага ҳар бир квадрат метр учун кураш олиб борамиз. Ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишларни амалга оширамиз ва мақсадга етамиз деган умиддаман.

Жалоллиддин Машарипов: Ўзбекистон учун эртанги ўйин финалга тенг. Шу финал учрашувида ғалаба қозониб, ўзимиз учун керакли бўлган натижага эришамиз деган умиддаман.

— Хитойга қарши учрашувдан кейин футболчиларга нима дедингиз?

— Бундай вазиятларда тайинли бир сўз топиш айтиш қийин. Шу куни мағлубиятга муносиб эмасдик. Бундан ташқари, учрашувдаги ҳакамлардан ҳам қониқмадик. Улар ўйин натижасига таъсир қиладиган бир қатор қарорларни қабул қилишди. Билмадим, бу уларнинг даражасига боғлиқми йўқми... Энди нима бўлган тақдирда ҳам сўнгги турда ғалаба қозониб, мақсадимизга эришишни истаймиз.

— Савол Машариповга. Футболчиларга муҳим учрашув олдидан кайфиятни кўтариб олиш учун нимадир деб гаплашиб олдингларми?

Жалолиддин Машарипов: — Йигитлар билан йиғилиб гаплашиб олдик. Хитойга қарши ўйинни унутиб янги учрашувга тайёргарлик кўришимиз лозим эди. Барча футболчилар ҳам бу ўйиннинг қанчалик муҳимлигини, финалга тенг эканини яхши тушуниб туришибди. Сўнгги имкониятимиздан унумли фойдаланиб мақсадга эришмоқчимиз ва бунинг учун боримизни берамиз.

— Темурхўжа Абдухолиқов қайси жиҳатлари билан Сергеевдан кучсизроқ?
Бабаян: — Ҳеч қайси жиҳатдан кучсиз эмас.

— Сўнгги тўрт учрашувда фақат сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборган ҳолда ютқазмоқдамиз. Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?
— Баъзи ўйинларда концентрациянинг етишмай қолиши натижасида шундай бўлди. Масалан, Малайзияда Сурияга қарши учрашувда пенальти белгилангунига қадар, бизнинг футболчига нисбатан ўйин қоидаси бузилганди. Бу яққол кўзга ташланган бўлсада, ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатганди. Кечаги ўйинда эса пенальти умуман йўқ эди. Эрон билан учрашувда сўнгги дақиқаларда концентрацияни йўқотиб қўйгандик.

— Асосий таркибга ҳужумчи танлаб олишда қандай критерияларга асосланасиз. Сиз учун гол урадиган ҳужумчи муҳимми ёки доим ҳимоя қайт деса, қайтиб орқа чизиққа ёрдам бериб гол ура олмайдиган ҳужумчими?
— Замонавий футболда ҳужумчи ҳам гол уриши ва орқа чизиққа кўмак бериши керак бўлади. Шу боисдан ҳам бизга иккала талабга жавоб берадиган футболчилар керак бўлади. Игорь Сергеев ва Темурхўжа Абдухолиқов келадиган бўлсак, у ҳали бирорта ҳам расмий учрашувда майдонга тушгани йўқ. Сергеев эса тўртта учрашув ўтказишга улгурди.

— Унда Егор Кримецчи? Унда ҳам ўйин амалиёти йўқку?
— У Хитой чемпионатининг ўринбосарлар ўртасидаги мусобақасида тўп сурмоқда. Бу турнир ҳам жуда нуфузли саналади. У ерда нархи 10 миллион доллар бўлган футболчилар тўп суришади. Ўша ерда Кримец орттираётган тажриба ва ўйин амалиёти бизни тўлиқ қаноатлантирмоқда.

Top