21:08 / 06.09.2017
11224

Дания қироличасининг турмуш ўртоғи ақлан заифлашгани тасдиқланди

Фото: Aly Song / Reuters

Шифокорлар давомли тадқиқотлар натижасида Дания қироличаси Маргарет II'нинг 83 ёшли турмуш ўртоғи шаҳзода Хенрикнинг деменция (ақли заифлик)дан азият чекаётганини тасдиқлашди. Дания қироллиги бу ҳақида расман баёнот берди. 

Хенрикнинг ёшини инобатга олиб, шифокорлар касаллик унинг атрофдаги олам билан муносабатларига таъсир қилишда давом этиши ва унинг хатти-ҳаракатлари, ҳиссиётларини изҳор қилиш ва вазиятга баҳо беришдаги ўзгаришларга олиб келишини таъкидлашмоқда.

Шаҳзода 2016 йилда монархнинг турмуш ўртоғи мавқеи билан боғлиқ мажбуриятларининг аксариятидан озод қилинган. Бироз кейинроқ у консорт номидан ҳам воз кечган, шундай бўлса-да, турли хайрия фондлари ва ташкилотлар раҳбарилигича қолган. Қироллик уйининг хабарида шаҳзоданинг оммавий тадбирлардаги иштироки янада камайиши таъкидланган. 

Дания маликаси Маргарет ва француз графи Анри де Лаборд де Монпеза 1967 йилда турмуш қуришган. 1972 йилда Маргарет отаси Фредерик IX'нинг вориси сифатида тахтга ўтирган. Жуфтликнинг икки ўғли ва саккиз невараси  бор, уларнинг тўнғич ўғли тахт вориси ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки жуфтлик 2017 йилда олтин тўй юбилейини нишонлаган. 

Top