13:32 / 07.09.2017
21484

Банк ходимига нисбатан фирибгарлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Чирчиқ шаҳрида банк ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти прокуратураси хабар қилди.

Жиноят иши материалларига кўра, Чирчиқ шаҳрида яшовчи уй бекаси Д.Э. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат этиб, унда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Тошкент вилояти минтақавий филиали ходими Б.Т. (1966 й.т.) унинг ишончига кириб, Чирчиқ шаҳрида жойлашган уйлардан бирини сотиб олиб бериш ҳақида алдаб, фирибгарлик йўли билан унга тегишли бўлган 13 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритганлигини билдирган.

Охирги вақтларда тез-тез учраб турган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, вилоятнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан фуқаролардан фирибгарлик қурбонига айланмаслик учун бир нечта қоидаларга риоя этишлари сўралади.

Доимо шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилинг

Шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилинг ва улардан учинчи шахслар фойдаланишига йўл қўйманг. Сизнинг шахсий маълумотларингиз (масалан, паспорт маълумотлари, банк ҳисоб рақамига оид маълумотлар, тўлов карталар кодлари ва ҳ.к.) фирибгарлар томонидан турли ноқонуний ҳолатларда фойдаланилиши мумкин. Шунинг учун бу маълумотларни Сизга нотаниш шахсларга, айниқса интернетдаги ишончсиз манбаларга ишонманг.

Фақат ишончли инсонлар билан иш юритинг

Фақатгина Сизга яқин инсонлар ва ишончли ҳамкорлар билан моддий ва молиявий муносабатга киришинг. Бундан олдин Сизнинг келгуси ҳамкорингиз ва унинг режалари тўғрисида имкон даражада кўпроқ маълумотга эга бўлинг.

Шартларни ёзма равишда расмийлаштиринг

Барча моддий ва молиявий муносабатларни ёзма равишда расмийлаштиришга интилинг, бу оддий қоғоздаги тилхат ёки нотариал тасдиқланган шартнома бўлиши мумкин. Чунки, қарздорнинг шахсий маълумотларидан иборат бўлган оддий тилхат ҳам Сизга эҳтимолий низолар ва муҳокамаларда ёрдам бериши мумкин.

Таваккал қилманг

Моддий имконият ва маблағларингиздан фойдаланиш билан боғлиқ қандайдир қарор қабул қилишдан олдин унинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикр юритинг. Шошилманг. Таваккал ва эҳтимолий оқибатларни баҳоланг.

Қисқа муддатда кўпроқ пул ишлаб топиш имкониятларига ишонманг

Таклиф этилаётган чегирма, дисконт, кутилмаган ютуқларга эҳтиёткор муносабатда бўлинг, доимо эътиборли бўлинг, чунки фирибгарлар, энг аввало, ўз қурбонларининг соддаликларидан фойдаланадилар.

Top