19:14 / 07.09.2017
26237

Самарқандда мажбурий ижро бюроси ходимларига янги хизмат машиналари топширилди

Президентимиз Фармони билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келмоқда.

Самарқандда Мажбурий ижро бюроси ходимларига хизмат машиналарини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарожларнинг олдини олиш, суд ва бошқа қонун ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш каби муҳим вазифаларни бажаришда Мажбурий ижро бюроси ходимлари сидқидилдан хизмат қилаётгани, энг муҳими ходимларнинг самарали ишлаши учун барча қулай шарт-шароитлар яратилаётгани таъкидлади.

Янги тузилган органнинг тўлов тизимини яхшилаш орқали электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, барча ҳудудларда янги ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш объектларини ишга тушириш, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.

Имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман-шаҳар бўлимларига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги русумдаги 17та «Нексия» русумли хизмат машиналари топширилди.

— Бу ишимизнинг янада самарали бўлишини таъминлашга хизмат қилади, — дейди Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи Акбар Амиров. — Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътиборга жавобан электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарожларнинг олдини олиш, суд ва бошқа ҳужжатларнинг ижросини сўзсиз таъминлашда куч-ғайратимизни аямай хизмат қилишга ундайди.

Самарқанд вилоят прокурори Ф.Зуфаров хизмат машиналари калитларини тантанали равишда топширар экан, соҳа ходимларининг галдаги ишларига ривож, эл-юрт манфаати йўлидаги ишларига омадлар тилади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

KUN.Uzнинг Самарқанддаги мухбири.

Top