20:59 / 07.09.2017
14537

SpaceX Пентагон учун махфий қотил-кемани ишга туширди

Фото: @SpaceX

SpaceX илк марта АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари манфаатлари учун хизмат қилувчи Boeing X-37 (X-37B Orbital Test Vehicle ёки OTV) махфий кемасини ишга туширди. Бу ҳақида компания Twitter'ида маълум қилинди. 

OTV-5 миссиясига 7 сентябрь куни Канавералда ўртача оғирликдаги Falcon 9 ракетасида старт берилди. Старт эҳтимоли 50 фоиздан камроққа баҳоланаётган эди. SpaceX уни атайин "Ирма" довули космодромга етиб келмасидан ишга туширишга ҳаракат қилди. 

Boeing X-37 парвози мақсадлари номаълум, бироқ мини-шаттл космик сунъий йўлдошларнинг йўқ қилинишини синаб кўришга мўлжалланган деб ҳисобланмоқда, унинг мақсадларидан бири эса бундай ҳаракатларнинг иқтисодий самарадорлигини текширишдан иборат.

Boeing X-37 ҳам Space Shuttle сериясидаги қурилмалар орқали синалган схема бўйича орбитага чиқиш ва ерга қўнишнинг уддасидан чиқади. Кўп марталик орбитал самолёт узунлиги — 8,83 метр. Бу эса Space Shuttle'дан тўрт карра кичик дегани, қанотлари қамрови эса - 4,6 метр. Пентагон тасарруфида икки Boeing X-37 бор, ҳарбийлар уларни навбатма-навбат ишга туширишади. 

Мини-шаттлнинг биринчи старти 2010 йилнинг 22 апрелида амалга ошган. Boeing X-37'нинг 2017 йил май ойида тугалланган сўнгги парвози энг давомли натижани кўрсатди - 718 сутка. Атиги етти йил ичида ер орбитасида жами 2085 сутка вақт ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, Boeing X-37'нинг аввалги тўрт парвози SpaceX'нинг асосий рақиби ULA (United Launch Alliance) компаниясининг Atlas 5 ракетасида амалга оширилган. Бундан аввал ULA - Пентагон ўз ҳарбий қурилмалари парвозини ишонган ягона компания бўлган. 

Top