21:19 / 07.09.2017
7177

Венгер Санчес билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Фото: Getty Images

«Арсенал» жамоаси бош мураббийи «Борнмут»га қарши ўйиндан олдин ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

Бу сафарги матбуот анжумани ҳам бир йил ичида «Манчестер Сити»га йўл олиши кутилаётган Алексис Санчес мавзуси билан бошланган. 

ОАВ хабарига кўра, у ёзги трансферлар якунида Манчестерга ўтмай қолиши Тома Лемар Лондонга келмагани билан боғлиқ. Франциядагилар «канонирлар» «Монако»га Лемар учун 100 млн евро таклиф этгани, аммо футболчи клуби билан маслаҳатлашган ҳолда, у ерда яна бир мавсум қолишга қарор қилгани ҳақида ёзишди.

«Трансферлар ойнаси ёпилди, шу туфайли бу ҳақда гапиришнинг ўрни эмас. 3 ой давомида кўп ишлар бўлиб ўтди, аммо мен учун Лемар мавзуси ҳақида гапириш мураккаб. Ҳозир мен «Борнмут»га қарши ўйинга тайёрланиш ҳақида ўйламоқдаман. 

Пуллар ҳақида сизлар фақат ОАВдан ўқиб билгансиз. Мен унинг ўтиши ҳақида гапира олмайман, Тома «Монако» футболчиси. Музокаралар бўлди, охир-оқибат Лемар қоладиган бўлди. Унинг танловини ҳурмат қилиш керак.

Бу махфий тутиладиган гаплар. Трансферлар даричаси қонунлари шундай. Аммо мен ОАВда тарқалган айрим хабарларни инкор эта олмайман», – деган мутахассис.

«Арсенал» етакчиси Алексис Санчес 3-турда«Ливерпуль»га қарши кечган ва 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйиндан кейин танқидларга мубтало бўлди. Кўплаб экспертлар чилилик бу футболчи майдонга иштиёқсиз тушиб келгани ҳақида гапирди. Шунингдек, жамоадошлари у жамоа учун жон куйдирмаётганидан шикоят қилаётгани ва у кетишини исташаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Венгер эса унинг жисмоний формаси Конфедерациялар кубогидан кейин ҳали тикланмагани ҳақида гапирган.

«Одамлар ҳар хил фикрларни билдиришмоқда. Аммо мен унга шубҳа билдирмайман. Санчес жисмоний формасини тиклаши керак. «Ливерпуль» билан баҳсда у Конфедерациялар кубогидан толиқиб қайтгани кўриниб турарди. Бу унинг мавсумдаги илк ўйини эди. Мен бу футболчини жуда яхши биламан ва у тезда аввалги ҳолатига қайтишига ишонч билдираман», – дея Венгернинг сўзларини келтирган Sky Sports.

Top