18:05 / 09.09.2017
5107

ТИВда илғор тўқимачилик корхоналари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2017 йилнинг 4-7 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистоннинг илғор тўқимачилик корхоналари раҳбарлари ва хорижий экспертлар билан қатор учрашувлар бўлиб ўтди. 

Учрашувларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотларини янги ташқи бозорларга олиб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жаҳонга машҳур ўзбек пахтасидан текстиль товарлари тайёрловчи аксарият корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида энг замонавий технология ва жиҳозлардан фойдаланар экан, ҳозирда маҳсулотнинг сифати ҳеч бир томонда шубҳа уйғотмайди.

Тадбиркорлар ЕИ давлатлари бозорларига тегишли ўзбек маҳсулотларини етказиб беришдаги чекловларни бекор қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга Тўқимачилик баённомасининг имзоланишини ва 2017 йил 1 июлда кучга киришини маъқулладилар. Шу ўринда таъкидланганидек, мазкур келишув тўғрисидаги маълумот ЕИ божхона хизматларига ҳозирги вақтга қадар расман етказилмаган. Бу ҳолат турли даражадаги икки томонлама музокараларда мунтазам кўтарилаётган ўзаро савдонинг кенгайишига тўсқинлик қилмоқда.

Суҳбат давомида ўзбек маҳсулотларини чет эл бозорларига экспорт қилишни оширишни дипломатик қўллаб қувватлашга доир бошқа масалалар батафсил муҳокама қилинди.

 

Top