17:50 / 10.09.2017
64730

Сўмнинг валюта дебюти: «Кўтарилиб олдик, ҳозирча учиш меъёрида!» — Эксперт фикри

Фото: Экономические известия

Икки ҳафтача давом этган қизғин баҳслардан сўнг, унда кўп нарсани фақат тахмин қилиш мумкин эди, албатта пул ҳокимияти вакилларининг аввалги ҳаракат ёки ҳаракатсизликларидан келиб чиққан ҳолда, энди кўп нарса аниқлашди, ойдинлашди ва қандайдир хотиржамлик пайдо бўлди. Бу ҳақда эксперт Зоҳид Зокир фейсбукдаги саҳифасида ёзади.

1. Энг ёмон хавотирлар, яъни «манфаатдор томонларга» ён босилиб, девальвацияни етарли даражада радикал қилмасдан, барча холис томонлар учун оғир ва хатарли қилиниши мумкинлиги ўринсиз бўлиб чиқди.

Янги курсни «бозор» курсидан (товарларнинг жорий нархлари маъносида) сал баланд киритилди ва шу билан ҳам нақд валюта айирбошлаш бозори тинчлантирилди, ҳам товарлар нархларининг асабий ўйнаши олди олинди. Бунга кўпчилик умид қилганди, лекин жуда кам одам ишонганди, шунинг учун ҳам кўпчилик учун бу яхшигина сюрприз бўлди.

2. Бошқа хавотир ташкилий ишкаллар борасида эди, лекин бу борада ҳам ҳозирча ҳаммаси ёқимли сюрприз маромида кетмоқда: банклар бемалол валюта алмаштириш операцияларини бошлаб юборгани, ҳатто паспорт ҳам талаб қилинмаслиги (катта суммалардан ташқари), кейин шохобчаларнинг ҳатто соат 22.00гача (!) ишлашга ўтиши — булар ашаддий скептикларда ҳам оптимизм уйғотди, ҳатто биз бу соҳада алмисоқдан қолганимиз ҳақида пичинг қилиб юрганларда ҳам.

3. Кўпчиликда баъзи техник деталлар савол туғдирмоқда, масалан, банклар топширилаётган ва йиғилиб борадиган нақд валюта купюраларини нима қилишади, агар фақат карточкаларга валюта берилса, унда тўёна, машина ва квартираларга қаердан нақд валюта олиш мумкин ва ҳоказо. Жавоб Қарорда берилган — давлат ички бозордаги пул айланмасини долларлашишини йўқотишга киришди. Лекин бу борада ҳам маълум қадамлар кетма-кетлиги талаб қилинади ва бу ишонч кредитини сақлаб қолиш учун жуда муҳимдир.

4. Биринчи қадам — нақд валюта беришни бошлашни чўзиб юбормасликдир — валюта купюралари йиғилиб қолгандан сўнг бу банклар учун табиий бўлади. 90-йилларда бир банк раҳбари мендан омбордаги нақд валютани нима қилса бўларкин деб сўраганди, чунки фойда ўрнига нуқул катта харажат келтириб чиқармоқда (сақлаш, қўриқлаш, ташишга). Ўшанда мен жисмоний шахсларга микрокредитлар беришни таклиф этгандим — қисқа муддатга ва катта фоизга, уй, машина ва тилла буюм гарови билан — ҳаммасини супуриб кетишади, керакли минимумни қолдирса етади. Кейинчалик худди шуни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (!) 2000-йилларда қилиб, ойига 4 фоиз (йилига 48 фоиз!) микрокредитлар бериш билан бизнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлади (!?).

5. Иккинчи қадам — купюралар катталиги ва тўловлар учун қулайлиги борасида доллардан ташаббусни илиб олиш ва пул айланмасига шу йил 100 минг сўмлик, келаси йил бошида 200-250 минг сўмлик купюраларни киритишдир. Шунда тўёна ва бошқа совғаларни чиройли, обрўли ва ўзимизники бўлган купюралар билан бериш, йирик харидларни ҳам кичик ҳажмдаги ва ташишга оғир бўлмаган ўз пулимизда қилиш мумкин бўлади.

6. Мен учун энг тинчлантирувчи хабар - бу йирик корхоналарга берилган ЎзРРФ валюта кредитлари бўйича тўловлар 4 йилга кечиктирилиши ҳақидаги қарор бўлди. Агар валюта биржасидаги йирик фигуралар бўлган компанияларни қўллаш учун шу каби чоралар чет эл кредит линиялари бўйича ҳам қўлланилса, тобора ўсиб борувчи инфляция олдини олиш мақсадига бемалол эришиш мумкин бўлади. Ахир жуда катта миқдорда сўм жамғармалари бўлгани учун улар валюта кредитларига тўловлари учун биржадаги валюта жилғасини симириб юбориши ҳеч гап эмас ва курс ўйнаши хавфи катта эдида. Энди бу муаммони ечишда ҳам туннел охирида чироқ кўринди ва айниқса, реформаторларимизда бу томондан келувчи хавф борлигини тушунишлари одамни тинчлантиради.

7. Агар МБ валютани сотиб олиш учун сўм эмиссия қилса ва кейин шу валютани сотса, тушган сўмларни стерилизация қилиши, яъни пул айланмасидан чиқариши, лозим. Бўлмаса яна аввалги машмаша такрорланади — 90-йилларда МБ шуни қилмагани туфайли ҳам сўмни, ҳам захираларини барбод қилганди. Бу борада ҳам етарли тушунча ва эҳтиётлик билан иш олиб борилишидан умид қиламиз.

8. Ва ниҳоят, ўрта ва узоқ муддатларда менинг аввалги хавотирларим барибир сақланиб қолди: ягона курс сўмдаги жамғармалар харид қувватини сақлаб қолишни кафолатламайди ва шунинг учун бундай миллий валюта кўпчилик томонидан жамғарма воситаси сифатида қаралмайди, демак жамғармалар долларда бўлиши олди олинмайди. Шу каби нақд-нақдсиз пулларнинг фарқи ҳам қолади ва жорий курс ўйнаб туришига таъсир қилади.

Хуллас, бизнинг маҳаллий молиячи ва банкирларимиз — улар устидан шу пайтгача фақат жуда хотиржам чет элликкина кулмаган эди — ҳозирча ҳар бири ўз диспетчерларига маълумот бериб, «Баландликка чиқиб олдик, учиш меъёрида!» дейишга ҳақли. Лекин, уларга бундан буён катта маҳорат, чаққонлик ва сезгирлик талаб қилинади, чунки ўз курси (!) бўйлаб чиқувчи ҳаво чуқурликларини айланиб ўтиш, титроқ ва тебранишларни камайтиришларига тўғри келади ва хотиржамлик билан ахборот бериб, «Курсни (!) ушлаб турибмиз, учиш бир маромда!» дея олишлари лозим.

 

Зоҳид Зокир.

Мавзу
Эркин конвертация

Жорий йил 5 сентябридан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари валютани чекланмаган миқдорда сотиб олиши ва сотишлари мумкин. Президентнинг эркин конвертация тўғрисидаги фармони кучга кирди

Барчаси
Top