13:51 / 11.09.2017
10936

БМТ Мьянма ҳукуматини шафқатсиз ҳарбий операцияни тўхтатишга чақирди

Фото: AFP

Мьянманинг Ракхайн штатидаги роҳингяларга нисбатан зўравонлик этник тозалаш таърифига тўғри келади. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн душанба куни Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 39-сессияси очилишида шундай баёнот билан чиқди. ТАСС агентлиги шу ҳақида маълум қилди. 

"Мьянма инсон ҳуқуқлари соҳасидаги терговчиларни мамлакатга қўйишдан бош тортар экан, ҳозирги вазиятни тўлиқ баҳолаб бўлмайди, бироқ бу вазият китобларда қайд этилган этник тозалаш тушунчасига тўғри келади", - деди у. БМТ олий комиссари ўтган йили "роҳингяларга кенг кўламли ҳужум уюштириш, суд томонидан белгилаб қўйилса, инсониятга қарши жиноят ҳисобланиши мумкин" деган фикрни билдирганини ёдга солди. 

Ал-Ҳусайн Мьянма ҳукуматини Ракхайн штатидаги вазиятни гўёки роҳингяларнинг "ўз уйларига ўзлари ўт қўяётгандек" кўрсатишга уринмасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, ҳукумат шафқатсиз ҳарбий операцияни тўхтатиши, айбдорларни жазолаши ва БМТ Олий комиссариятининг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси вакилларининг мамлакатга киришига йўл қўйиши керак. 

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 11 сентябрь куни очилган 36-сессияда Украина, Сурия, Яман, Мьянма, Бурунди, Конго Демократик Республикаси ва яна ўттизтача мамлакатдаги вазиятни кўриб чиқади. Шунингдек мигрантлар, болалар, ногиронлар, туб халқлар ҳуқуқлари, гендер тенгликни таъминлаш каби инсон ҳуқуқларига доир долзарб масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Top