15:48 / 12.09.2017
111389

Лео Бокерия Ислом Каримов ҳақида: Тошкентга учиб келганимда ҳеч нарсанинг иложи қолмаганди

Фото: ЎзА

Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этганига бир йилдан ортиқ вақт ўтди. Мустақил республика асосчиси, буюк давлат арбоби, Ватаннинг содиқ ҳимоячиси хотираси нафақат Ўзбекистонда, балки мамлакатимиз ташқарисида ҳам ҳурмат билан ёдга олинмоқда, деб ёзмоқда «Жаҳон» ахборот агентлиги. 

Бакулев номли юрак-қон томир жарроҳлиги илмий маркази директори, Россия тиббиёт фанлари академияси академиги Лео Бокерия Ислом Каримов билан боғлиқ хотиралари ҳақида ўртоқлашди.

-  Ислом Каримовнинг вафот этиши – бутун мамлакат учун, айниқса, у билан суверен давлатга айланишнинг қийин йўлини бирга босиб ўтганлар учун катта йўқотишдир.

Мен бу буюк инсон билан танишиш бахтига муяссар бўлганман. Мен Президентнинг шахсий меҳмони сифатида 2004 йилда қабул қилингандим. У билан учрашув дўстона муҳитда бўлиб ўтганди. Ислом Каримов кўплаб масалалар, жумладан, республика олдида турган вазифалар ва ривожланиш истиқболлари ҳақида гапирди.

Бизнинг навбатдаги учрашувимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Тошкентда перинатал даврда ўлимнинг олдини олишга бағишланган форум ўтказилганида бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг дўстлари бахтига, мамлакатдаги вазият собиқ Совет Иттифоқининг кўпгина республикаларига қараганда анча яхшироқ экани маълум бўлди.

Ўтган йили менга кутилмаганда қўнғироқ қилишди ва Ислом Каримов билан юз берган ҳолат ҳақида хабар беришди. Бу тиниқ осмонда юз берган момақалдироқ каби бўлди. Тошкентга учиб келганимда ҳеч нарсанинг иложи қолмаганди, вазият аслида бошидан шундай бўлган бўлса керак. Бу кутилмаганда юз берган дард эди, у, одатда, бу ҳолатда нима билан якун топган бўлса, шундай тугайди.

Ўзбекистон Президентининг бевақт ўлими – барча учун катта бахтсизлик. Бундай ноёб шахслар, улар қайси вақтда яшашмасин, ўзларидан сўнг жуда чуқур из қолдирадилар.

Top