19:01 / 13.09.2017
5360

Соғлиқни сақлаш вазири ЖССТ бош директори билан учрашди

Аввал хабар берилганидек, шу йилнинг 11 сентябрдан бошлаб, Венгриянинг Будапешт шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг  Европа минтақавий бюросининг 67-сессияси ўз ишини бошлади. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг KUN.UZ’га хабар беришича, дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси билан танишиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим топиш мазкур нуфузли анжуманнинг мақсадларидан бири бўлди. Бундан ташқари, ЖССТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 та давлат, жумладан, Ўзбекистон делегацияси иштирок  этаётган мазкур сессияда халқаро ташкилотнинг  2019-2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, “Саломатлик-2020” сиёсатини амалга ошириш, бунда инсон саломатлиги ва булажак насллар камолотига салбий таъсир этадиган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларни  олдини олиш каби қатор долзарб масалалар  хам  кенг  муҳокама  қилинмоқда. 

Будапешт сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССТ  Бош директори Тедрос Гебрейесус ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб  билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқотлар чоғида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.

Суҳбат давомида Т.Гебрейесус  ва Жужанна Якаб мамлакатда Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган барча ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар аҳолига ғамхўрликнинг барча зарур жиҳатларини қамраб олаётганлиги, Ўзбекистон тиббиёт тизимида ҳам  ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлигини эътироф этишди.  Шунингдек, улар Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканликларини билдиришди.

Учрашув давомида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов икки йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолашди. 

Top