09:36 / 14.09.2017
7261

АҚШ Шимолий Корея сабабли Хитой билан савдони тўхтатиши мумкин

АҚШ Шимолий Корея билан бизнес олиб бораётган ҳар бир давлат, жумладан Хитой билан савдони тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Стивен Мнучин маълум қилди.

Мнучин Fox News телеканалига берган интервьюсида журналистнинг АҚШ Хитой билан ҳам савдони тўхтатишга тайёрлигини билиш мақсадида берган саволига “Исталган давлат билан. Ҳеч ким истисно қилинмайди”, деб жавоб берган.

Мнучиннинг айтишича, АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Кореяга иқтисодий босим ўтказишни давом эттирмоқчи. “Биз БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларидан мамнунмиз, бироқ бу етарли эмас. Молия вазирлиги бу борада кўпроқ иш қилиш мақсадида президент билан бирга ишлайди”, деб қўшимча қилган Мнучин.

Трамп сентябрь бошида АҚШ “Шимолий Корея билан бизнес олиб борувчи исталган давлат билан барча савдо ишларини тўхтатиш имкониятини” кўриб чиқаётганини айтганди.

Top