15:43 / 14.09.2017
11459

Самарқанд вилоятидан асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинмоқда 

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан Тайлоқ туман ҳокимлигининг амалий ёрдами асосида туман ҳокимлиги биносида туманда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, фермерлар ҳамда туманнинг мутасадди ва манфаатдор  идораларининг раҳбар ва  мутахассислари иштирокида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди. 

Тадбирни очар экан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Кодиров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидаги иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва шу тариқа жаҳон бозорида муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаш борасида ўтган қисқа даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида минг¬лаб лойиҳалар амалга оширилиб, юқори технологияларга асосланган замонавий завод ва фабрикалар барпо этилаётганлигига оид фикрларидан иқтибослар келтирди.

Учрашувда туманда фаолият кўрсатувчи кўпчилик тадбиркорлик субъектлари қатнашаётганлиги қайд этилиб, республикада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида яқин вақтларда қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтириб берилди. 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиқ ўринбосари   Ж.Кодиров вилоятда амалга оширилган экспорт юзасидан маълумот тақдим этди.

Таъкидланганидек, Самарқанд вилоятининг ташқи савдо айлануви 145 млн АҚШ долларидан ортиб, ўтган йилга нисбатан 2,39 %га кўпайган.

Экспорт қилинган товарларнинг асосий қисмини яъни 38 фоизини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 11,5 фоизини гилам, 10,4 фоизини  пахта толаси ташкил қилди. Ундан кейинги ўринларни эса қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва автотранспорт воситалари банд қилган.

Республикада тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида қўлланиладиган имтиёз ва преференциялар, ҳамда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш борасида божхона органларида яратилган қулайликлар тўғрисида ҳам тадбирда маълумотлар тақдим қилинди. 

Учрашувда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан берилган  божхона соҳаси бўйича берилган саволлари юзасидан вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Кодиров меъёрий ҳужжатларга асосланган жавоб, тушунтиришлар бериб, вилоят божхона бошқармасига 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” орқали мурожаат  этиши мумкинлигини қайд қилиб ўтди. 

 

Top