21:32 / 15.09.2017
9254

Дунёнинг 800 миллиондан зиёд аҳолиси тўйиб овқатланмаслиги маълум бўлди

Фото: gazetadaily.ru

Сайёрамизнинг тўйиб овқатланмасликдан азият чекувчи аҳолиси сони 815 миллион кишигача етди ва дунё аҳолисининг 11 фоизини ташкил қилди. БМТнинг беш гуманитар ташкилоти томонидан жума куни Римда тақдим этилган "Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати" ҳисоботида шу ҳақида маълум қилинди. 

Очлик кўлами ўн йил давомида қисқарган, аммо бугун унинг ўсиши ҳарбий низоларнинг кўпайиши ва иқлим ўзгаришлари асоратларига боғлиқ, дейилади БМТ озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожланиш фонди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ болалар фонди (ЮНИСЕФ) томонидан тайёрланган ҳужжатда. Уларнинг ҳисоботи биринчи марта озиқ-овқат хавфсизлигига боғлиқ вазиятни БМТнинг 2030 йилга бориб очликни бартараф этишга доир режалари контекстида баҳоламоқда.

"Қашшоқликнинг тарқалиши ва озиқ-овқат хавфсизлиги даражасининг пасайиши янги тенденцияга ўтишга ишорами ёки йўқ, ҳозирча номаълум. Қандай бўлмасин, 2010 йилга таққослайдиган бўлсак, тўйиб овқатланмаслик суръатлари сезиларли даражада секинлашди. Бундай маълумотлар Жанубий Суданда расман очлик эълон қилинган, Яман, Нигерия ва Сомали каби қатор мамлакатларда эса озиқ-овқат хавфсизлиги таназзулга юз тутган ва очлик таҳдид солаётган йилда қайд этилди", - дейилади маърузада. 

Top