18:01 / 15.09.2017
8402

Rolls-Royce “дрон-кема” қурмоқчи

Фото: Rolls-Royce

Rolls-Royce компанияси номи кўп ҳолатларда миллиардерлар учун жуда қиммат автомобиллар ҳақида тасаввур уйғотади. 1906 йилда асос солинган Британиянинг машҳур ишлаб чиқарувчиси авто, кемалар ва самолётлар учун двигателлар ҳамда энергетик ускуналарга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда бозордаги қиймати 10 миллиард фунт стерлингдан ортиқни ташкил этади. Компания раҳбарияти ноёб бошқарувчисиз кемани яратиш бўйича режаларини очиқлади, у энг сўнгги техника билан жиҳозланади.

60 метрлик кема соатига 46 километр тезликка чиқиши, бир уринишда 3500 денгиз милясини босиб ўтиши ҳамда муҳим (шу жумладан, ҳарбий ҳам) миссияларни 100 кун давомида бажариши мумкин. Миссиянинг ичига патруль олиб бориш, таъқиб этиш, кузатув олиб бориш, миналарни излаш ва бошқалар киради. Двигатель қурилмаси ўз ичига иккита Rolls-Royce MTU 4000 генераторини қамраб олади ва кемани 4 мегаватт электроэнергия билан таъминлайди. Қуёш панеллари эса аккумуляторларни узоқ вақт давомида қувватлантириб туриш имконига эга.

Кема замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, улар орасида сунъий идрок, унча катта бўлмаган дронлар армияси, шунингдек, кеманинг ҳаракатланишида ёрдам бериб турувчи турли-туман сенсорлар бор. Кема бошқа кемаларни мустақил аниқлаши мумкин, ҳамда агарда, бу жанговар вазифада белгиланган бўлса, у билан учрашишдан қочиши мумкин. Махсус ускуналар орқали ҳаттоки жуда чуқур масофада ҳам “яшириниб” олган душман сувости кемалари пайқалиши имкони бор.

Бўлажак кема яратувчиларининг ишонч билдиришича, дрон-кемалар кишилар бошқаруви остида бўлган кемаларни яқин келажакда алмаштириши имконсиз бўлади. Бироқ, уларни ҳарбий флотга жорий этиш ҳамда шу тариқа, инсон омили билан боғлиқ бўлган хатарларни камайтириш мумкин. Ҳозирча кема ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас, бироқ Rolls-Royce компанияси яқин ойлар ичида батафсил маълумот беришни ваъда қилмоқда.

Top