22:10 / 17.09.2017
4229

Льюис Ҳэмилтон “Формула-1”нинг Сингапур Гран-приси ғолиби бўлди

Фото: Reuters

Сингапур Гран-приси ўтадиган “Марина Бей” трассасида “Формула-1” пойгасининг 14-босқичи ўз ниҳоясига етди. 

Пойгада маррага биринчи бўлиб Mercedes’нинг британиялик пойгачиси Льюис Ҳэмилтон етиб келди. 2-ўринни Red Bull аъзоси Даниэль Риккардо, 3-ўринни эса Mercedes’нинг яна бир вакили – Валттери Боттас эгаллади.

Ушбу ғалаба Ҳэмилтоннинг фаолиятидаги олтмишинчи юбилей ғалабаси бўлди.

Пойганинг бошида ёмғирдан ҳўл бўлган трассада болидлар тўқнашуви юз берди. Бунинг оқибатида бирданига уч кучли пойгачи – Макс Ферстаппен (Red Bull), Кими Райкконен ва Себастьян Феттель (иккалови ҳам Ferrari) пойгани барвақт тугатишга мажбур бўлдилар. Стюардлар ушбу тўқнашувни тафтиш қиладиган бўлишди.

Гран-прининг ўзи эса ёмғир ва кўплаб тўқнашувлар сабабли барвақт якунланди. Пойгачилар белгиланган 61 айлана ўрнига, 58 айлана босиб ўтишди.

14 та босқичдан кейин Ҳэмилтон 263 очко билан етакчилик қилмоқда, унинг ортидан келаётган Феттелда эса 235 очко бор.

Пойганинг кейинги босқичи Малайзияда 29 сентябрь-1 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Top