17:30 / 17.09.2017
20634

Ўзбекистон таэквондочилари жаҳон чемпионатида 26та олтин медаль билан биринчи бўлди

15-17 сентябрь кунлари Италиянинг Римини шаҳрида W.A.S.C.O йўналиши бўйича ёшлар ва катталар ўртасида 11-Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Таэквондо-до ИТФ миллий ассоциацияси жамоаси ҳам ушбу турнирда иштирок этди.

Турнирда ўзбекистонлик спортчилар 26 олтин, 15 кумуш ва 18 бронза медаль қўлга киритишди. Ўзбекистон жамоаси Россия, Италия ва Эрон каби терма жамоаларни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.

Италияга 54 нафар таэквондочи йўл олганди, улар 4та йўналишда имкониятларини синовдан ўтказишди: спарринг, тул баҳслари, махсус техника ва тачспарринг.

«Биз ҳар бир халқаро турнирга масъулият билан ёндашамиз. Ҳамиша бундай катта турнирларда муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Ҳамиша Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришни истаймиз. Бу сафар ҳаммаси ажойиб бўлди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига 26 олтин медаль совға қилдик. Халқимизни шундай ютуқ билан хурсанд қилишга ҳаракат қилдик», - деган Ўзбекистон Таэквондо-до ITF миллий ассоциацияси президенти, турнирда делегацияга раҳбарлик қилган Лазиз Ҳасанов.

 

Top