18:11 / 18.09.2017
17305

Манчестер гегемонияси, кулгига қолган Уолкотт, Куманнинг ранжитилиши ва уик-энднинг бошқа воқеалари

Дам олиш кунлари Англия чемпионатида 5-тур учрашувлари ўтказилди. Мавсумни кўтаринки руҳда бошлаган «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» бу турда ҳам йирик ғалабаларга эришди ва турнир жадвалини биргаликда бошқаришни давом эттиришди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини келтиради.

МАНЧЕСТЕР УЧУН АТАЛГАН ТУР

Топ-6 деб ўрганиб қолганимиз тўрт жамоа бу сафар очко йўқотди. «Тоттенҳэм» ўз майдонида «Суонси» дарвозасига 20дан ортиқ зарба бериб, бирорта ҳам гол ура олмаган бўлса, «Ливерпуль» ундан кам бўлмаган устунлик билан «Бёрнли»ни енга олмади. «Арсенал» ва «Челси» эса ўзаро ўйинда дуранг ўйнашди. 

Бу ҳолатдан Манчестернинг икки клуби ажойиб тарзда фойдаланди. Ҳар икки жамоа ҳам у қадар кучсиз бўлмаган рақиб устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Икки жамоа биргаликда 10 гол уришди, бу 5-турда киритилган голларнинг қарийб ярмидир.  

«MOUR-TIME»

Илгари «МЮ» мухлислари орасида «Fergie Time» атамаси кўп ишлатиларди. Сэр бошқарувидаги жамоа сўнгги дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ғалабани илиб кетган пайтлар кўп бўлган.
Ушбу мавсумда АПЛда ўтказилган ўйинларнинг сўнгги 10 дақиқасида жами 24 гол урилганди. Қизиғи, бу голларнинг 9таси, яъни 38 фоизини «Манчестер Юнайтед» футболчилари урган. 

«ЧЕЛСИ» КАРТОЧКАЛАР ГИРДОБИДА

Ўйин олдидан «Челси» устози Антонио Конте - «Умид қиламанки, жамоа ўйинни тўлиқ таркибда тугатади», – деб юборганди. Италиялик мураббий ниятига етиша олмади, 87-дақиқада Давид Луиз Колашинацга ишлатган қўполлиги туфайли майдондан четлатилди. 

Бу «Челси»нинг мавсумдаги 3-қизил карточкаси эди. Лондонликлардан Гари Кэйхилл ва Сеск Фабрегас 1-турда майдондан четлатилган эди. Умуман сариқ карточкалар борасида ҳам «Челси»нинг аҳволи яхшимас – Конте шогирдлари беш турда 10 марта огоҳлантириш олишган – лигада учинчи кўрсаткич. 

КИМ ОРТИҚЧА?

Габриел Жезус сафга қайтгач, кўпчиликни бир савол ўйлантирди – хўш, Жезус Агуэрони асосий таркибдан сиқиб чиқара оладими? Аргентиналик ҳужумчининг юлдузли онлари ортда қолдими?

«Борнмут»га қарши кечган 2-тур ўйинида Агуэро захирада қолгач, бу саволнинг жавоби гўё топилган, икки кучли ҳужумчи бир ўрин учун курашишлари кераклиги ойдинлашган эди. Аммо...

Жезус ва Агуэро биргаликда ҳаракат қилган ўйинларга эътибор қаратинг: 8 ўйинда Агуэро 8та, Жезус эса 7 гол муаллифига айланган. Икки футболчи умумий ҳисобда – 5 голли узатма мавжуд. Балки янги супертандем юзага келаётгандир? 

«ЭВЕРТОН»ГА ИМКОНИЯТ ЁХУД КУМАН ҚАНЧАЛИК ҲАҚ?

Премьер лигада 5-турдан сўнг, «Эвертон» атиги 2 гол ура олди холос. Жамоа 5 ўйиндан 4 очко жамғарди ва 18-ўринга тушиб кетди. «Эвертон» сўнгги уч ўйинни умумий – 0:9 ҳисобида бой берди. Агар Европа Лигасидаги йирик мағлубиятни ҳам қўшсак, («Аталанта» – 0:4) вазият янада оғирлашиб кетади. 

«МЮ» – «Эвертон» ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Жозе Моуриньо рақибни мақтамоқчи бўлиб, Куманни хафа қилиб қўйди. Португалиялик мутахассис ливерпулликларнинг ёзда 140 миллион фунт трансферлар учун сарфлаганликларини, жамоа юқори амбицияларга эга бўлиб, топ-4 учун курашишларини айтганди. Табиийки, 140 миллион фунт эслатилиши Куманга ёқмади. 

«140 миллион? Келинглар, вазиятга реал баҳо берайлик, ортиқча босимнинг кераги йўқ. Тўғри, биз янги футболчиларни қўлга киритдик, аммо улар ўзаро бир-бирларини тушуниб боришлари учун вақт керак бўлади» – деди «Эвертон» устози. 

Шу ўринда, «Эвертон» мураббийини тушунишга ҳаракат қилиш лозимдек кўринади. Биринчидан, жамоа ўйинчи сотиб олиш билан бирга, ўтган мавсумда 25 гол урган етакчи ҳужумчисини сотди – Куман айтганидек, Лукакунинг ўрнини босиш осон эмас. Иккинчидан, сўнгги 4 турда «Эвертон» топ-6 даги 4 жамоа билан ўйин ўтказди. Янги ташкил этилаётган жамоа учун бу жуда ноқулай тақвим. 

Энди «Эвертон» кетма-кет икки учрашувни ўз майдонида, «Борнтмут» ва «Бёрнли»га қарши ўтказади. Бу ўйинларда жамоа очколар ўрнини тўлдириб олиш имкониятига эга. 
 
«БЁРНЛИ» НИМА ҚИЛЯПСАН?

«Бёрнли» деганда эсга тушиб қолди: Футболчилар учун «иккинчи мавсум» атамаси кўп ишлатилади. Илк мавсумни муваффақиятсиз ўтказган ёки кутилганидан зўр ўйнаб юборган футболчиларга баҳо бериш учун иккинчи мавсумни кутиш кераклиги айтилади, кўпинча.

Қарангки, «Бёрнли» АПЛда ҳали «иккинчи мавсуми»ни ўтказмаган экан. Жамоа доим АПЛга чиққан йили қайтиб пастга тушиб кетаверган. Бу йил тарихида илк маротаба АПЛда икки йилни қаторасига ўтказаётган жамоа бизни ҳайрат кўчасига етаклаяпти. 

«Бёрнли» 5 турнинг 3тасини сафарда ўтказди. Рақиблар «Челси», «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль». Ўтган мавсумда меҳмонда ўтказган 19 учрашувнинг 16тасида мағлубиятга учраган жамоа бу ўйинларда неча очко олиш мумкин, сизнингча?

«Бёрнли» «Челси» устидан ғалаба қозонди, кейинги ўйинларда эса 1:1 ҳисобидаги дурангларга эришди ва 3 ўйинда ўтган йили бутун мавсумда мехмонда қўлга киритилган очколарини олиб бўлди. Қойил...

ЯНГИ ҚАҲРАМОН: ЖАМААЛ ЛАССЕЛС (НЬЮКАСЛ)

«Ньюскасл» қаторасига 3 ўйинда ғалаба қозониб, кучли тўртликка кўтарилиб олди. Бу қўлга киритилган очколарда ҳимоячи Жамаал Ласселнинг бевосита хизмати катта. 

Ўтган турда «Суонси»да кечган ўйинда Ласселс ўйиннинг 76-дақиқасида гол уриб, жамоасига ғалаба олиб келганди. «Сток Сити»га қарши қийин кечган ўйинда ҳам вазият такрорланди. Ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда, Ричининг узатиб берган тўпини голга айлантирган Жамаал яна ҳал қилувчи гол муаллифи бўлди. 

Жамаал Ласселс 1993 йилда Дербида туғилган. «Нотингем Форест» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 2014 йилда у «Ньюскасл» билан шартнома имзолайди ва илк мавсумни ижара асосида «Ноттингем Форест»да ўтказади. Ўтган йили 43 ўйинда майдонга тушиб, «Ньюкасл»нинг АПЛга қайтишида катта ҳисса қўшган ҳимоячи жамоа сардорига ҳам айланди ва энди голлари билан ҳам очколар олиб келишни бошлаб юборди.  

ҲАФТА ЛАТИФАСИ

Маълум бўлишича, Европа Лигаси ўйинида баъзи «Кёльн» мухлислари «Арсенал» либосини кийган ҳолда стадионга кириб олишган экан. Бу хабарнинг пайдо бўлиши жамоа мухлисларида истеҳзоли фикр пайдо қилди – «Уолкотт бу ишни 10 йилдан бери муваффақиятли амалга оширяпти» деб ёзишди улар ижтимоий тармоқларда. Бу билан мухлислар Уолкотнинг омадсиз ўйинларига ишора қилишгани табиий.

БИРОЗ СТАТИСТИКА:
·  Ўз майдонида бирорта ҳам гол ура олмаган «Суонси» сафарда ўз дарвозасидан ҳали бирорта ҳам гол ўтказиб юборгани йўқ, «Тоттенҳэм» эса, сафарда 100 фоизлик натижа кўрсатиб, ҳали уй учрашувида ғалаба қозонмади.
·  «Кристал Пэлас» мавсумда 5-ўйинда гол ура олмаяпти. Ўтган мавсумдаги сўнгги турни ҳам қўшсак, жамоанинг голсиз серияси 540 дақиқани ташкил этмоқда. Бу АПЛ учун антирекорд натижадир. 
·  «Манчестер Юнайтед»нинг 8 футболчиси ушбу мавсумда гол уришга улгурди – бу лигада энг яхши кўрсаткич.
·  Турда беш Лондон жамоасидан бирортаси ҳам ғалаба қозона олмади – 4 дуранг ва бир мағлубият. Қизиғи, бу ўйинларда лондонликлар бирорта ҳам гол ура олишмади.
·  «Ливерпуль» ўз майдонида 1000-очкони қўлга киритган тўртинчи жамоага айланди. «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Челси» аввалроқ бу натижага эришганди. 
·  Серхио Агуэро «Манчестер Сити» таркибидаги ўзининг 10-ҳет-тригини қайд этди.
·  «Челси» Антонио Конте бошқарувида илк маротаба ўз майдонида ўтган ўйинда гол ура олмади. 
·  «Арсенал» 2005 йилдан бери илк маротаба «Стемфорд Бриж»да ўз дарвозасини дахлсиз сақлашнинг уддасидан чиқди. 

НАТИЖАЛАР:

Турнир жадвали

Top