09:11 / 19.09.2017
32247

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш тартиби тўғрисида маълумот берилди

Фото: Kun.uz

Юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш тартиби тўғрисида мурожаатлар келиб тушаётганлиги муносабати билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни маълум қилди:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармонига кўра 2017 йил 5 сентябрдан:

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товар, иш ва хизматлар импорти, фойда репатриацияси, кредитларни қайтариш, хизмат сафари харажатларини тўлаш ва бошқа савдо характерига эга бўлмаган ўтказмалар) бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларида чет эл валютасини чекловсиз сотиб олишлари мумкин;

истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлар орқали сотиб олишга рухсат берилади (бунда сотиб олинган хорижий валюта мижознинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади ва мижозга халқаро тўлов картаси тақдим этилади).

Шу муносабат билан, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб олишлари ва ўз ихтиёрларига кўра сотиб олинган маблағларни жорий халқаро операциялар (товар ва хизматлар импорти ва б.) бўйича тўловларни амалга ошириш учун йўналтиришлари мумкин.

Бунда сотиб олинаётган чет эл валютаси учун тўлов якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан қуйидаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин:

- якка тартибдаги тадбиркорнинг савдо тушуми;
- банкка топширилган нақд маблағлар.

Якка тартибдаги тадбиркорлар сотиб олинган валюта маблағларини қуйидаги йўллар билан чекловларсиз ишлатишлари мумкин:

- мамлакатдан ташқарида халқаро тўлов карталариорқали, шу жумладан банкоматлардан нақд хорижий валютани ечиб олиш йўли билан;
- тасдиқловчи ҳужжатлар асосида (инвойс ёки тўлов учун ҳисоб ёхуд импорт шартномаси ва б.) товарлар ва хизматлар импорти учун тўловни банк ўтказмаси орқали амалга ошириш.

Тадбиркорлик субъектлари диққатига. Тижорат банкларининг рўйхати ва “ишонч телефонлари” рақамлари ахборотга илова қилинган. Хорижий валютани сотиб олиш билан боғлиқ саволлар ёки муаммолар вужудга келган ҳолларда кўрсатилган рақамлар орқали тижорат банкларига ёки Марказий банкка мурожаат қилиш мумкин.

 

Top