10:16 / 23.09.2017
21359

Тошкентда 177 минг долларни эгаллаб олган талончилар ушланди

2017 йилнинг 21 сентябр куни тахминан соат 21:30 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида, номаълум шахслар, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ равишда талон-торож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктириб, Яккасарой тумани ҳудудида жойлашган масъулияти чекланган жамият биноси ичкарисига ғайриқонуний равишда кириб, шу ердаги сейф ичидан фуқаро Т.У.З.га тегишли бўлган 177.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни эгаллаб олишган. Шундан сўнг, мазкур жамият ишчисининг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, жиноят содир этилган жойдан яширинганлар. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан, Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 4-қисми “а” банди (талончилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, жуда кўп миқдорда, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни С.Х.С., С.М.Т. ва Н.Н.М. содир этганликлари аниқланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. 

Top