15:44 / 25.09.2017
6683

АҚШ армиясида генералларга руҳий ёрдам дастурлари жорий қилинмоқда

Фото: AP

АҚШ армиясининг қуруқликдаги қўшинларида шошилинч равишда генералларга фавқулодда ёрдам бериш дастури жорий қилинмоқда. Бунга офицерларнинг ўзини тутиш кодексини бузиш ҳоллари, ўзига бўйинсунган хизматларга нолойиқ муносабатда бўлиш, турли молиявий ўзлаштиришлар, хиёнат қилиш кабилар қайд этилаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. 

Интизомий жазолар ёки бугунги кунда жами 330 атрофида бўлган ишдан бўшашларнинг қанчаси генералларнинг мажбурий истеъфоси эканига ойдинлик киритмаган. Уларнинг айримлари бошқа ишга ўтказилади ёки истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризаларини мажбуран ёзишади.

Шунга қарамай, 2012 йили 9 нафар армия генерали матбуотда фош этилган турли қилмишлари ва ноҳуқуқий хатти-ҳаракатлари учун "лавозимидаан озод этилган" ва истеъфога чиқарилган. Уларнинг икки нафари билан боғлиқ ҳолат сўнгги 9 ойда кузатилган.

Албатта, руҳий ёрдам дастури жорий қилинишига сўнгги вақтларда генераллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Хусусан, ўтган йил август ойида генерал-майор Жон Росси Алабама штатидаги Редстоун-Арсенал ҳарбий базасида ўзини ўлдирди. Бу унинг генерал-лейтенант унвони билан АҚШ армияси Космик ва ракета қўмондони лавозимига тайинланишига икки кун қолганида рўй берди. 

Хизмат суриштируви 55 ёшли ҳарбий бошлиқнинг ўзини ўлдиришига жиддий сабабни топа олмади. Бирор жиноят, оилавий хиёнат, гиёҳванд моддалар ёки алкоголли маҳсулотларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш кузатилмаган. У эҳтимол, хизмат тушкунлиги ва масъулиятга дош бера олмаган. Росси Алабамага сафарбар этилгунича, Пентагон марказий аппаратида ишлаган, бундан аввал Жанубий Корея, Германия ва Ироқда ишлаган. 

Ҳарбий фахрийлар бўйича вазирлик маълумотларига кўра, ҳар куни тахминан 20 га яқин собиқ америкалик ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилиб, ҳаётдан ўз юмади. 

"Тан олиш керак, бизда олий офицерлик таркиби учун уларнинг улкан руҳий босимга дош беришида кўмааклашадиган дастуримиз йўқ", - дейди Армия штаб бошлиғи Марк Милли.

Унинг сўзларига кўра, суиқасд, жинсий жиноятлар ва оилавий можаролар муаммосини ҳал қилишга уринаётган Пентагон руҳий ёрдам беришнинг турли дастурларини ишга туширмоқда. Бироқ улар биринчи навбатда оддий аскарлар ва сержантлар таркибига қаратилган. Хусусан, бўлинмалардаги штатли руҳий терапевтлар сони  оширилди. 

Бугунги кунда мавжуд талабларга мувофиқ ҳар бир 700 аскарга бир руҳшунос тўғри келиши керак. Ҳарбий шифокорлар Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий қисмларда доимий равишда тадқиқотлар олиб бормоқда. Улар ўз ҳисоботларида қайд этишларича, жанговар вазиятда ўтказилган кунлар ва суиқасдлар сони ўртасида боғлиқлик бор. Аммо асосий омиллар сифатида шахсий мазмундаги муаммолар, - ишончнинг поймол қилиниши, никоҳ бузилиши, молиявий қийинчиликлар ҳамда руҳий босимлар кўрсатилади. 

Лойиҳалардан бири генералларнинг рафиқалари билан ишлашни ҳам назарда тутади. Чунки айнан улар турмуш ўртоқларидаги ўзгаришларни сеза бошлашади. "Аксарият генераллар ўзларини бошқара олишади, - дейди Марк Милли. – Биз уларнинг айримлари нуқсонларга йўл қўйишганида сабр қилганмиз. Чунки улар ўз ишларининг устаси эканини яхши билардик. Аммо эндиликда бу етарли эмас. Ахир улар ўз ҳаракатлари билан нафақат ўзларига балки Армияга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда".

Top