10:22 / 25.09.2017
6206

Ёшларимиз манипуляция ўлжасига айланмасин

Фото: ЎзА

Инсон яралибдики, унга ақл берилиб, онги чархланибдики, фикр юритади, тасаввур ва тафаккур қилади, ғоялар, ғоялардан мафкура яратади, мафкураки, мангуликка даъвогарини яратмоқчи бўлади.

Лекин, кекса ва навқирон мозий гувоҳдир. Инсон ҳеч қачон диндан кучли ғоя, диндан кучли мафкура ярата олмаган. Ярата олмайди ҳам. Чунки, динни инсон яратмаган. У мукаммал ғоя, абадий мафкура, илоҳий китобдир. Инсонга эса эътиқод хос бўлиб, у токай эътиқодга таяниб яшайди. Эътиқодки, одамликни намоён этади.

Мана шуни яхши билган, азизу-мукаррам, муқаддас дея сифатланган инсон зотининг айро вакиллари яъни, «эътиқоддан кечганлар», «одамликдан йироқлашганлар» ана шу абадий эътиқод китобларини ниқоб қилиб, ўз манфаатларига мослаб талқин қилишгача борди. Бу манфаатларки, ғаразли мақсадларга эришишнинг пухта ишланган стратегиясига асослангандир. Ёшларимизнинг онгини манипулияция қилиш орқали айни шу мақсадларга эришиш эса, уларнинг асосий стратегиясидир.

Ёшларимизда борки камчилик — фақат уларнинг ёшлигида, ёлғизгина бойлиги ҳам уларнинг ёшлигидадир. Ёшларимизни — камчилигимизни тўлдирайлик, бойлигимизни — ёшлармизни ҳимоя қилайлик. Ёшларимиз онгини манипулияция қилишларига йўл қўйиб бермайлик, бузғунчи ғояларни яратиб, яна уни динга ўраб, тарғиб қилаётган бузғунчилардан асрайлик, одамлик йўлидан адаштиришларига имкон яратиб бермайлик. Иккинчи даражали амалларга қаттиқ боғланиб қолиб, уларнинг камоли бирламчи эканлигини унутмайлик, бурчимизни бажарайлик, ёшларимизни асрайлик, ҳимоямизга олайлик, токи кеч бўлмасин... Сўнг «адашган ёшлар» деб надомат чекиб юрмайлик! Бунга ҳақимиз йўқ! Илло, бу биз — катталарнинг фарзимиз.

Ёшларимиз — фарзандларимиз... Уларнинг эса «ёмони, адашгани» бўлмайди. Бироқ, фарзандига ўз вақтида одамлик йўлини кўрсата олмаган, улар тарбиясида қатъиятлик қила олмаган, оилада масъулиятни ўз зиммасига ола билмаган, уларнинг мурғак онгини ёт ғоялар ва «ёмон»лардан ҳимоя қила олмаган, бефарқликка бефарқ бўлган, огоҳликдан огоҳ бўлмаган, ҳали-ҳануз оқни қорадан ажрата олмаганимиз, биз — ота-оналар — катталарнинг масъулиятсизлигимиз бўлади, холос...

Ёшларимизни асрайлик!

Н.Муродов, ҳуқуқшунос

Top