09:54 / 25.09.2017
5167

Марказий Осиё давлатлари ТИВ раҳбарлари минтақавий масалаларни муҳокама қилишди 

Нью-Йорк шаҳрида 7 апрель куни Тошкентда имзоланган келишувга биноан Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ТИВ раҳбарлари навбатдаги учрашувни ўтказдилар.

Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги мавзулар муҳокама қилинди, шунингдек, мавжуд муаммоларни конструктив тарзда ҳал қилиш йўллари юзасидан фикр алмашилди.

Абдулазиз Комилов ўз нутқида ҳамкасбларига БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрдаги нутқининг асосий қисмлари ҳақида маълумот берди. Давлат раҳбарининг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар 2017 йилнинг ноябрида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» юқори даражадаги халқаро конференцияни ўтказиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Мазкур тадбир конструктив мулоқот, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик, ҳурмат ва бир-бирининг қизиқишларини инобатга олиш тамойилларига асосланган ҳолда минтақавий масалалар бўйича қўшма ечимларни ишлаб чиқишга кўмаклашади.

Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё умумий саъй-ҳаракатлар натижасида тинчлик, барқарор ривожланиш ва дўстона қўшничилик ҳукм сурадиган минтақа бўлишидан манфаатдор эканликларини ва турли даражалардаги мунтазам учрашувларнинг ўзаро фойдали эканлигини тасдиқладилар.

Top