08:24 / 26.09.2017
5327

NYT: Хитойда WhatsApp мессенжери блоклаб қўйилди

Хитой ҳудудида машҳур WhatsApp мессенжери блоклаб қўйилди. Бу ҳақда The New York Times газетаси ёзмоқда. WhatsApp Американинг Facebook компаниясига тегишли бўлиб, шу номдаги ижтимоий тармоққа эга. Facebook 2009 йилдан ХХРда блоклаб қўйилган. Нашрнинг ёзишича, мессенжер Хитойда тақиқланмаган ва айни вақтда Facebook компаниясига тегишли бўлган хизматлардан охиргиси эди. 

Маълум бўлишича, шу йилнинг июль ойи ўрталаридан бошлаб ХХР WhatsApp видеочатларини блоклай бошлаган. Бундан ташқари, у орқали фотосуратлар ва бошқа файлларни юбориш имкони чегараланган. Бунда чекловлар матнли хабарларга тегишли бўлмаган. Бироқ Францияда жойлашган ҳамда маълумотларни шифрлашга ихтисослашган Symbolic Software компанияси эксперти Надим Кобейсининг айтишича, ҳозирда WhatsApp Хитойнинг қуруқлик қисмида деярли тўлиқ блокланган. 

Кобейсининг сўзларига кўра, WhatsApp матнли хабарларини тўсиб қўйиш шундан далолат қиладики, хитойлик цензура идораси махсус дастур ишлаб чиққан бўлиб, у мессенжернинг маълумотларни шифрлаш технологиясини ўзлаштира олганини англатади. Facebook компанияси бу хабарни изоҳлаганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2003 йилдан ХХРда "Олтин қалқон" номли дастур ишлайди. У фойдаланувчиларнинг сайтларга ва интернет хизматларга киришини фильтрлайди. 

Айни вақтда Хитойда Google, Facebоok, YouTube, Instagram, Twitter, "Википедия", Amnesty International ташкилоти сайти, хорижий ОАВ сайтлари блоклаб қўйилган. 

Top