17:30 / 26.09.2017
7762

Ўзбекистон ва Буюк Британия ўзаро муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

2017 йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатда амалий ташрифини якунлаётган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик ишлари бўйича вазирлиги доимий котиби Саймон Макдональд билан учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳолати икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор берган ҳолда кўриб чиқилди.

Британия томони Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқининг асосий қисмлари билан таништирилди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатларимиз ўртасидаги барча ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиб бераётганлиги таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Буюк Британияга бўлажак ташрифининг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Top