18:11 / 27.09.2017
4246

Instagram'нинг кундалик аудиторияси 500 миллионга етди

Фото: Getty Images

"Тарих" функцияси жорий этилган вақтдан буён атиги бир йил ичида Instagram'га кундалик кирувчилар сони 200 миллион кишига ошди. Бу ҳақида Facebook'нинг маркетинг бўйича вице-президенти Кэролин Эверсон берган маълумотга асосланиб, CNBC хабар берди. 

Шу тариқа Instagram 160 фоизли ўсишни қайд этди. Энди бир ойда 800 миллион киши ва кунига 500 миллион киши визуал ижтимоий тармоқдан фойдаланмоқда. Эверсон шунингдек март ойидан реклама берувчиларнинг сони икки баробарга ошгани ҳақида ҳисобот берди - 2 миллионга яқин компания мобил иловада ўз маҳсулотлари рекламасини жойлаштирмоқда. 

Instagram'дан фойдаланувчилар базаси барқарор ўсиб бормоқда. Таққослаш учун,  Snapchat'дан кунига 173 миллион киши фойдаланади - бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизгагина кўп. 

Кундалик аудитория кўрсаткичи айниқса муҳим. "Тарих" каби функция фойдаланувчиларни ҳар куни унга киришга ундайди, зеро илова вақтида очилмаса, дўстларнинг сурат ва видеолари йўқолади. 

Сўнгги икки йилда сервис аудиторияси икки баробарга кўпайди: 2014 йилнинг декабрида 300 миллион фойдаланувчи бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 600 миллионга етди.  Компания 2010 йилнинг 6 октябрида иш бошлаган, икки ой ичида у фойдаланувчилари сонини миллионга чиқарди. 2012 йилнинг апрель ойида Facebook Instagram'ни тахминан миллиард долларга харид қилди. 

Top