15:25 / 27.09.2017
16596

МХХ олтин тангаларнинг ноқонуний савдоси олдини олди

Миллий, тарихий ва маданий бойликларни ҳимоя қилиш ҳар қандай давлатнинг асосий фаолият йўналишларидан биридир. Афсуски, бу бойликлар кўп ҳолатларда ўз ҳаракатлари билан мамлакатнинг тарихий меросини йўқ қилувчи турли фирибгарлар ва контрабандачиларнинг “нишонида” туради. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати бундай жиноятларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни кўрмоқда.

Ушбу иш доирасида Миллий хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича Бошқармаси тезкор ходимлари СВОЖЖДЛҚК департаментининг ҳудудий Бошқармаси ходимлари билан биргаликда, антиквар буюмлар ноқонуний сотувчиларини жиноят устида қўлга олиш бўйича тадбир ўтказди.

«Махсус амалиёт вақтида 10 рубллик 36 та олтин тангани 12,2 минг АҚШ долларига сотишга уринган Косон туманида яшовчи 35 ёшли Бобур Норматов ва Қарши шаҳрида яшовчи 34 ёшли Фарҳод Маҳмудов қўлга олинди. Текширув жараёнида уларнинг ёнидан яна тўртта шундай танга аниқланиб, олиб қўйилди», - деди ҳуқуқ-тартибот идорасининг вакили.

Экспертизадан ўтказиш учун тангалар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги қимматбаҳо металлар бўйича агентликнинг Давлат проба палатасига топширилди. Экспертиза сариқ рангли металлдан тайёрланган 40та танга 900 пробадаги олтиндан қилинганлигини кўрсатди. Уларнинг соф оғирлиги 343,5 граммни ташкил этди. Шунингдек, бу тангалар 1898 йилдан 1903 йилгача бўлган даврда тайёрлангани аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича СВОЖЖДЛҚК Департаментининг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Top