23:28 / 28.09.2017
12278

Самарқандда халқ ўқитувчисига эҳтиром кўрсатилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» ги 2017 йил 27 сентябрдаги Фармонига асосан Самарқанд шаҳар 6- умумий ўрта таълим мактаби математика ўқитувчиси Фируза Гафаровага «Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси» фахрий унвони берилди.

2011 йилдан бери Ф.Гафарова 6-мактабдаги таянч мактабига раҳбарлик қилади, ҳар ой Самарқанд вилоят педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари учун иш тажрибаси, дарс ўтиш услуби бўйича очиқ ноанъанавий дарслар ўтказиб келмоқда.

Сўнгги уч йилда математика ўқитувчиси Гафарова Фирузанинг шогирдларидан Акбар Эркинов «Билимлар беллашуви-2014» танлови Республика босқичида 3-ўринни, шу танловнинг 2015 йилда вилоят босқичида 2-ўринни, 2016 йилда фан олимпиадалари шаҳар босқичида 1- ўринни эгаллади, Сатторов Темур «Билимлар беллашуви-2015» танлови шаҳар босқичида 2-ўринни эгаллаб, Халқаро Ломоносов номидаги математика олимпиадасида Самарқанд вилояти ўқувчилари ўртасидан танлаб олиниб, Тошкент шаҳрида ўтказилган саралаш босқичида фаол қатнашди.

Феруза Гафарованинг 2010-2017 йилларда 20 дан ортиқ методик тавсияси таълим тизимига кенг татбиқ этилган. Унинг «Атрофимиз геометрия» деб номланган ҳажмли методик тавсиясини Республика миқёсида оммалаштирилган. Шаҳар ва вилоят миқёсида Фируза Гафарованинг юздан ортиқ дарс ишланмалари ва методик қўлланмалари оммалаштирилган.

28 сентябр куни Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов фидойи устоз, уз ишининг моҳир устаси, юзлаб шогирдларнинг устози Ф.Гафаровани ушбу унвон билан табриклаш учун 6-мактабга ташриф буюрди. Ф.Раҳимов устознинг меҳнатини, ёш авлодни тарбиялашдаги алоҳида хизматларини таъкидлаб ўтиб, яқинлашиб келаётган устоз ва мураббийлар куни билан табриклади.

Ўз мухбиримиз.

Top