18:20 / 28.09.2017
11357

Суғурта шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар долларга боғланмайди — Марказий банк

Марказий банк расмий сайтида «Мамлакат ҳудудида суғурта ва қайта суғурта шартномалари бўйича чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида» баёнот берилди.

«Мамлакат ҳудудида суғурта ва қайта суғурта шартномалари бўйича чет эл валютасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тўғрисида келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади, халқаро тажрибага мувофиқ халқаро тўлов карталари орқали тўловлар бундан мустасно. Шу билан бирга, ушбу Фармон билан товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар, шунингдек, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланиши қайд этилган.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта ва қайта суғурта шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар фақат Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилиши лозим.

Ўз навбатида, чет эллик суғуртачиларнинг хизматлари учун тўловни амалга ошириш, хизматлар импортига доир амалиёт бўлиб, жорий халқаро операция ҳисобланади ва у бўйича юридик шахслар томонидан чет эл валюасини сотиб олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 10 июлдаги 294-сон қарори билан тасдиқланган «Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан амалга оширилади», дейилган баёнотда.

Top