14:08 / 30.09.2017
7134

Туркманистон раҳбари коррупцияга қарши курашни кучайтириш вазифасини топширди

Фото: Getty Images

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг миллий хавфсизлик хизмати ходимларига ушбу маҳкаманинг 26 йиллиги муносабати билан қилган мурожаатида айтилишича, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда коррупция ҳамда порахўрликка қарши олиб борилаётган курашни кучайтириш ва бу салбий ҳодисаларни тўлиқ бартараф этиш лозим. 

«Сиз ҳозирги замон таҳдидлари ва чақириқларига қарши туришингиз, халқаро терроризм, экстремизм, кибержиноятлар каби хавфли ҳодисаларни мамлакатга киришига йўл қўймаслигингиз керак», - дейилади мурожаатда.

Илгари хабар берилганидек, бир қатор вазирликлар ва идораларда баъзи бир мансабдор шахсларнинг расмий ваколатларини суиистеъмол қилиши, порахўрлик ҳамда контрабанда ҳолатлари фош этилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги мажмуаси ва «Туркманкимё» давлат концерни тузилмалари фаолиятини текшириш ишлари натижалари ҳақида ҳисобот берилди.

Май ойи ўрталарида Туркманистонда порахўрлик ва давлат мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича қатор жиноят ишлари очилганди.

«Туркмангаз» давлат концернининг газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича дирекциянинг собиқ бошқарма раҳбарлари, «Байрамали» ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчи озиқ-овқат саноати давлат бирлашмаси корхонаси ва «Туркманцемент» давлат бирлашмаси Бахарлин цемент заводи жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари ҳамда тадбирлари натижалари тақдим этилди.

Шунингдек, прокуратура ходимларига нисбатан жиноят ишлари бўйича суд жараёни якунлари эълон қилинди.

Top