21:07 / 01.10.2017
88654

Нурулло Отахонов қўйиб юборилди​, дастлабки тергов ишлари давом этмоқда

Фото: Facebook

27 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда қўлга олинган ёзувчи Нурулло Отахонов озодликка чиқарилди. Бу ҳақда унинг ўғли Файзуллахон Отахонов ижтимоий тармоқдаги саҳифа орқали хабар берган.

«Яшнобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўзининг хизмат мошинасида Тоштурмадан чиқариб эшигимиз тагига қўйиб кетган», дейилади унинг хабарида.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Нурулло Отахоновнинг терроризмга алоқадорлиги тўғрисидаги гумон тасдиқланмаган, шунингдек, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси​ бекор қилинди. Аммо, унга нисбатан 2017 йил 11 май куни Яшнобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми («Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш») ҳамда 244-1 моддаси, 3-қисми, «г» банди («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этиш») бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ишлари давом этади​.

Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Истанбулдан Тошкентга келган, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон тахаллуси билан ижод қиладиган ёзувчи Нурулло Отахонов Ислом Каримов халқаро аэропортида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинганди.

Ундан аввалроқ у ўз шахсий саҳифасида президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатини эълон қилган. 

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. «Йўл бошида» «Дунё кенг», «Шу ерлик киши» каби қисса ва ҳикоялар тўпламларини нашр қилдирган.

Унинг севги мавзусидаги «Оқ бино оқшомлари» ҳикояси «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилгач, «Йилнинг энг яхши ҳикояси» деб топилган эди.

Ушбу ҳикоя асосида «Оқ бино оқшомлари» бадиий филми суратга олинган. Ёзувчи турк, гуржи, хитой ва рус адабиётидан бир қатор асарлар таржима қилган. Ëзувчи кейинги 25 йил мобайнида «Ёшлик» (Бўлим мудири), «Муштум» (Масъул котиб), «Шарқ юлдузи» (Бўлим мудири), «Ҳидоят» (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда «Мовароуннаҳр» нашриётида (Бош директор) ишлаб келган.

2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра, «Мовароуннаҳр» нашриёти Бош директорлиги ҳамда «Ҳидоят» журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган.

Top