17:20 / 03.10.2017
33459

Фото: Пскем дарёсида йирик ГЭС қурилмоқда

Ўзбекистонда сув-энергетика ресурсларни бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, гидроэнергетикани ривожлантириш учун изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Пскем ГЭСнинг қурилиши ҳам бу борадаги ишларнинг узвий давомидир. Шу ўринда Пскем дарёси Ўзбекистондаги ўзлаштирилмаган дарёларнинг энг йириги ҳисобланади. Пскем дарёси Ойганинг ва Майдантал ирмоқларининг қўшилишидан ҳосил бўлган йирик дарё бўлиб, у тўлиқ республикамиз ҳудудида жойлашган. Чотқол ва Кўксув дарёлари қуйилиши Пскем дарёсини ҳосил қилади. Пскем дарёсининг энг юқори қисмида Ўзбекистон энг йирик Чорбоғ ГЭС станцияси барпо этилган. Унинг қуввати 620.5 МВт, йиллик электр энергия ишлаб чиқариши  қуввати эса 2 млрд кВт.соатни ташкил қилади. Оқимнинг пастки қисмида яъни Чирчиқ дарёсининг каналлари, Чирчиқ-Бўзсув сув энергетикаси қисмларида 17 турдаги ҳар хил қувватга эга бўлган ГЭС мавжуд бўлиб, бу ГЭСларда сув ресурсларидан самарали фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майда “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сонли Қарори қабул қилингани айнан гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантиришга қаратилгандир. Дастурда ГЭС қуриш тўғрисидаги келгуси чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.

Чирчиқ дарёси ҳавзасида ва Чирчиқ дарёси оқими бўйлаб бир нечта ГЭС қуриш режалаштирилган. Шулардан бири Пскем ГЭС ҳисобланади. Пскем ГЭС йирик объектлардан бири бўлиши кутилмоқда. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги қишлоқда Пскем ГЭС қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Пскем ГЭС Тошкентдан шимоли-шарқда 120 км масофада жойлашган бўлиб, Чорвоқ сув омборидан 45 км тепада жойлашган. Пскем ГЭСнинг электр энергия имконияти 404 мвт.ни ташкил этади. Катталиги бўйича Пскем ГЭСи Чорвоқ ГЭСдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Пскем ГЭС йилига 900 млн. кВт электр энергияси ишлаб чиқарди ва электр энергия етказиб берувчи энг керакли манба ҳисобланади. Пскем сув омбори тўла ҳажмда  520.8 млн М3 сувни ташкил қилиб, ундан олинадиган самарали сув куби эса 486.5 млн М3 ташкил қилади. Пскем дарёсида ушбу гидроэлектростанцияси қурилиши мамлакатимизда ёқилғи энергетик ресурсларини сақлаб қолишини таъминлайди. Йилига 300 минг тонна шартли ёнилғи ўрнини босади. Бу билан 250 млн.мтабиий газ ва 900 минг тонна Ангрен кўмирини тежаб қолиш мумкин. Пскем ГЭС қурилиши натижасида шу ҳудудда яшовчи аҳолининг турмуш шароитининг ижтимоий-иқтисодий ўсишига туртки бўлади. Замонавий муҳандислик ва ижтимоий инфраструктура яратилишига олиб келади. Аҳолини иш билан таъминлайди.

Ҳозирги кунда Пскем ГЭС қурилиши ишлари бошлаб юборилган.

Пскем ГЭСда олиб борилаётган ишларни назорат қилиш мақсадида 1 октябрь куни навбатдаги йиғилиш-музокаралари бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Сангинов Абдуғани Абдураҳмонович олиб борди. Йиғилишда барча мутассади ташкилот раҳбарлари ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ходимлари ҳамда Геология ва минералогия Давлат қўмитаси вакиллари  иштирок этишди. Объектда олиб ишлар юзасидан маълумот берилди. Пскем ГЭС учун қурилаётган барча объектлар кўздан кечирилди. Керакли тавсиялар бериб ўтилди.

 

Top