18:40 / 03.10.2017
7596

General Motors 2023 йилгача 20 та янги электромобиль чиқармоқчи

Фото: GM

General Motors’нинг электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича режалари маълум қилинди, деб хабар бермоқда Electrek.

АҚШ компанияси 18 ой ичида иккита янги тўлиқ электр автомобилни тақдим қилади. Бу машиналар Chevrolet Bolt EV’нинг такомиллашган вариантлари ҳисобланади. Ва бу бошланиши: бу машиналар 2023 йилгача ишлаб чиқариладиган 20 та янги электрокарлардан биринчилари бўлади, деб таъкидланмоқда компанияда. Шунингдек, компания водород ёнилғи элементига асосланган янги платформа ишлаб чиқаришини маълум қилди.  

Компания Хитойда ўзини анчагина тутиб олган, бироқ АҚШда ўзини эҳтиёткорона тутмоқда, боз устига Bolt EV савдолари муваффақиятли бўлмаган. Bolt EV илк ҳамёнбоп электромобиль деб эътироф этилганига қарамасдан, ундан АҚШда ойига бор-йўғи 200 донадан сотилган. Бироқ паст савдоларга қарамасдан, модел эгалари ва автомобилсозлик соҳаси томондан яхши қабул қилинган ва шу сабабли бу модел янги электромобиллар учун асос бўлиши ажабланарли ҳол эмас.

Бу орада GM ҳайдовчисиз автомобиллар соҳасига ҳам маблағлар ва кучларни сарфламоқда. Deutsche Bank таҳлилчисининг таъкидлашича, компания Tesla’ни ортда қолдириб, режалаштирилгандан аввал, яъни бир неча йил эмас, балки чораклардан кейин тўлиқ автоном автомобилни ишлаб чиқаради. Таҳлилчи шунингдек компаниянинг автомобилларни ижарага бериш бўйича корхоналари ҳам муваффақиятга эришишини айтмоқда. Бу эса GM’га Uber такси хизмати билан рақобат қилишга имкон беради, чунки янги электр моделларга хизмат кўрсатиш харажатлари ички ёнув двигателига эга машиналарникидан камроқ бўлади.

Автомобиль саноатининг қолган гигантлари ҳам электромобиллар бозорида ўз ўрнини топишга ҳаракат қилмоқда. Улардан баъзилари рақобатчи компаниялар билан бирлашишларига тўғри келмоқда. Мисол учун, ўтган ҳафтада Toyota ва Mazda электромобиллар яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича биргаликдаги режалари ҳақида маълум қилишган.

Top