11:40 / 04.10.2017
24002

Сенат ўзбек—қирғиз давлат чегараси тўғрисидаги шартномани ратификация қилди

Ўзбекистон Сенатининг 4 октябрь куни иш бошлаган 12-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.

ЎзА хабар беришича, қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

«Мазкур қонун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга сентябрь ойида амалга оширган давлат ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегаралари тўғрисидаги шартномани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган», — дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, «Сенат ялпи мажлисида бу тарихий ҳужжатнинг ратификация қилингани ўзбек ва қирғиз халқларининг ўзаро алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади».

Top