20:10 / 05.10.2017
24964

Атамбоев — Мирзиёевга: «Сиз нафақат Ўзбекистон, Қирғизистон халқи ҳам кутган президентсиз»

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев бугун Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралар якунига бағишлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Қирғизистондаги миллатчилар ва демагоглар ҳақида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, 6 йил президентлик даврида ташқи кучли, турли сиёсатчилар ва сиёсатдонлар томонидан уюштирилган чегаралардаги тўқнашувлар унинг уйқусиз тунларига сабаб бўлган.

«Улар катта талофат етказишлари мумкин эди. Эслайман, сиёсатчиларнинг бири, айни пайтда президентлик учун номзод чегаранинг баҳсли ҳудудини бориб куч билан эгаллашга чақирган эди. Белгиланмаган ва чекланмаган чегара турли демагогларни қўрқинчли хатти-ҳаракатларга ундайди», — дея иқрор бўлди Алмазбек Атамбоев.

«2010 йилги фожиали воқеалардан сўнг бизда миллатчилар бош кўтарди. Ҳозир улар байналмилалчилар бўлиб олишган, чунки биз миллатчилик ва сепаратизм учун қамай бошладик. Уч киши миллатлараро нифоқ уруғини сочганлик учун жиноий муддатларга ҳукм қилинди. Мен «Манас»ни ўқиганимда у ўз халқини қуроқлардан йиққани ҳақидаги сўзларга кўзим тушди. Шунда мен ҳомийларни топиб марказий майдонда Манасга ҳайкал ўрнаттирдим. Ўшанда шаҳарда Манасга яна битта ҳайкал нега кераклиги ҳақида гапира бошлашди. Бу шунинг учун керакки, қирғизлар кўпмиллатли халқ эканлигимизни унутмасликлари керак. Биз буни эсдан чиқармаслигимиз, миллат, кўз бичими, тана рангига қараб ажралмаслигимиз керак. Фикримча, қандайдир кучлар бизда бошқа фожиа алангасини ёқа олишмайди, оналар кўз ёши ортиқ тўкилмайди», — деди Алмазбек Атамбоев.

Алмазбек Атамбоев Қирғизистон тарихида қандай из қолдиришни хоҳлаётганини ҳам айтиб ўтди.

«Мен сиз (Ш.Мирзиёев) билан биргаликда тарихда можаролар, миналар ва баҳсли ҳудудлар чегарасини дўстлик чегарасига айлантирган президентлар сифатида қолмоқчиман», — деди Алмазбек Атамбоев.

«Биз ўртадаги барча саволларни олиб ташлаган президентлар сифатида ёдда қолишимизни истардим. Фикримча, шу ой мобайнида, масалан, Чўлпон-Отада учрашишимиз ҳам мумкин. Балким ўша вақтгача қолган саволларни ҳам ҳал қилармиз. Ҳа, биз энди ягона давлат туза олмаймиз, лекин бир-биримиз билан ҳамжиҳат бўлиб ишлашимиз ва ривожланишимиз мумкин. Олдинда биродар халқларимизга катта манфаат келтирувчи улкан ишлар бизни кутиб турибди. Ваколатимни янги президентга топширгунимга қадар қолган ҳужжатларни ҳам имзолаймиз. Фикримча, кейинги президент ҳам шу йўлни давом эттиради. Асосийси, бу йўлни сиз очдингиз, Шавкат Миромонович. Сиз нафақат Ўзбекистон халқи, Қирғизистон ҳам кутган президентсиз», — деди Алмазбек Атамбоев.

Мавзу
Ўзбекистон - Қирғизистон муносабатлари: янги давр

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев рафиқаси билан Тошкентга келди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 10дан ортиқ ҳужжат имзоланди.

Барчаси
Top