18:00 / 09.10.2017
118652

Қарзини ололмаётганларга 10 маслаҳат

Фото: PlannerSearch

Кундалик ҳаётимизда энг кенг тарқалган ижтимоий муносабатлардан бири, бу албатта қарз олди-бердисидир. Кимгадир қарз бермаган ёки кимдандир қарз олмаган инсонлар деярли учрамаса керак. Чунки қарз деганда фақат пул тушунилмайди, бирор буюм ёки бошқача кўринишдаги ашёлар ҳам қарз предмети бўлиши мумкин.

Қарз энг аввало ўзаро ишонч демакдир. Бироқ ҳар доим ҳам қуруқ ишонч ўзини оқлайвермайди. Кимдир атайин, кимдир иложсизлигидан олинган қарзини қайтармаслик ҳолатлари кўп учрайди. Шундай пайтда нима қилиш керак? Қуйида қарз олди-бердиси жараёнида тавсия этиладиган маслаҳатлар билан танишишингиз мумкин.


1. Ишончли инсонга қарз беринг

Бу маслаҳат бир қарашда кулгили туйилиши мумкин. Чунки, ким ҳам ишончсиз инсонга қарз берарди? Одатда омонатга хиёнат энг яқинларимизда учрайди. Қарз берсанг ҳам пулингдан, ҳам дўстингдан айриласан, деган ибора халқ орасида бежизга кенг тарқалмаган.

Бироқ ишончли деганда, фақат маънавий ишонч эмас, моддий ишончни ҳам ҳисобга олишни маслаҳат берамиз. Яъни қарз сўраб келган танишингиз айтилаётган муддатда қарзини қайтара олишига кўзингиз етадими, унинг моддий даромади ҳақиқатда Сиздан олинган қарз миқдорини қайтара олишга етадими, деган саволларни бир лаҳза ўйлаб кўринг. Қадрдон инсонга йўқ дейиш жуда оғир. Аммо дўстингиз сиздан бир марта хафа бўлгани яхшими ёки бир умрга у билан муносабатларни узган маъқулми, шу ҳақида ҳам хулоса қилиб қўйишни маслаҳат берамиз.


2. Тилхат олишни унутманг

Хаёлингизга биринчи келган фикр, қандай қилиб яқин инсондан тилхат ёздириб олиш мумкин, деган савол бўлдими? Ҳа, ўзбекчилик деймиз, кўз-кўзга тушади деймиз, уят бўлади деймиз, умуман олганда биздан қарз сўраган инсондан тилхат сўрашимиз жуда оғир. Лекин қанчалар оғир бўлмасин, тилхат олинг ва бу ҳужжат ўз пулингиз ўзингизга қайтишини қисман суғурталайди.

Тилхат энг камида қуйидаги содда кўринишда ёзилиши ҳам мумкин:

Т И Л Х А Т

Мен фуқаро Ф.И.Ш. (паспорт маълумотлари: серияси, номери, берилган жойи ва вақти) 2017 йил 7 октябрь куни фуқаро Ф.И.Ш.дан дан 3.000.000 (уч миллион) сўм миқдордаги нақд пулни фоизсиз қарз сифатида олдим.

Ушбу қарзни 2017 йил 31 декабрь кунига қадар тўлиқ миқдорда қайтариб бераман.

Тилхат тагида қарз олувчи ва берувчининг тўлиқ исм-шарифлари қисқартмаларсиз ҳар бири томонидан ўз дастхатлари билан ёзилиши, тилхат тўлдирилган сана кўрсатилиши ва албатта имзоланиши керак.

 

3. Қарз шартномасини тузинг

Агар бирор дўстингиз ёки танишингизга суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлган (1 млн. 500 минг сўм) миқдорда қарз бераётган бўлсангиз ёзма шаклда шартнома тузинг. «Оддий тилхат сўрашга хижолат бўламизу, шартнома тузишга йўл бўлсин» демоқчимисиз? Жамиятимизда бугун эру хотин ўртасидаги никоҳ шартномаси тузиш масаласи муҳокама қилинаётган бир пайтда, қарз шартномаси нима бўпти? Сира хижолат бўлманг.

Агар сиздан қарз олаётган тараф юридик шахс бўлса, унда қарзнинг суммасидан қатъи назар шартнома тузиш лозим.

 

4. Шартномани тўғри тузинг

Қарз шартномаси матнида қуйидагилар назарда тутилиши лозимлигига эътибор беринг:

1. тузилаётган вақти ва жойи;

2. тарафлари;

3. қарз суммаси (бирор бир ашё бўлса унинг тури, номи);

4. тўловнинг нақд ёки бошқача усулда амалга оширилиши;

5. қарзни қайтариш муддати ва усули;

6. тарафларнинг мажбуриятлари;

7. тарафларнинг жавобгарлиги;

8. низони кўриб чиқиш тартиби;

9. шартноманинг амал қилиш муддати;

10. тарафлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар (паспорт бўйича) ва уларнинг имзолари.

Қарз шартномасини имзолашда қарз олувчининг паспортидан нусха олиб, шартномага қўшиб қўйсангиз зарар қилмайди. 

Қарзни расмийлаштириш учун шартноманинг намунаси илова қилинади, юклаб олишингиз мумкин.

 

5. Нотариусда расмийлаштириш шарт эмас

Қарз бериш чоғида юқорида айтилган қоидаларга риоя этсангиз кифоя, шартномани нотариус орқали расмийлаштириш шарт эмас, бу ортиқча харажат ва ортиқча ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Лекин ҳар эҳтимолга қарши нотариусдан ҳам ўтказмоқчи бўлсангиз, бу тақиқланмаган.

 

6. Гувоҳлар бўлгани маъқул

Агар сиз қарз сўраб келган инсондан на тилхат талаб қилсангиз ва на қарз шартномаси тузишни сўрай олсангиз, унда сизга ҳеч бўлмаганда қарзни гувоҳлар олдида беришни маслаҳат қиламиз. Қарз шартномасини имзолаш ёки қарздордан тилхат олиш пайтида гувоҳ иштирок этса-ку, нур устига аъло нур бўлар эди.

Имкони бўлса гувоҳлар иккала тараф учун ҳам холис бўлиши лозим. Чунки яқин қариндошларингизнинг гувоҳлиги шубҳали бўлади.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ: гувоҳлар фақат 1 ярим миллион сўмгача бўлган қарздагина сизга ёрдам бера олади. Агар қарз миқдори бундан юқори бўлса ва тилхат ёки қарз шартномаси тузилмасдан, фақат гувоҳлар иштирокида берилган бўлса, унда гувоҳларнинг гапи далил бўла олмайди.

 

7. Қарздор жиноятчи эмас

Кўпчилик қарз берган одамидан пулини келишилган вақтда ололмаса дарров прокуратура ёки ички ишлар идораларига югуриб қолади. Шуни унутмангки, қарз олган одам жиноятчи эмас, у қонунни бузгани йўқ, шунчаки фуқаровий шартномавий мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаяпти, холос.

Қачон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш лозим, қачонки қарздор сизни алдаш ёки ишончингизни суиистеъмол қилиш йўли билан сизга тегишли бўлган мулкини қўлга киритган бўлса ва олган қарзини қайтариб бермасликни олдиндан мақсад (қасд) қилиб олган бўлса (масалан: дўстингиз чет элга кетмоқчи ва яқин йиллар ичида қайтиб келиш нияти йўқ, лекин у сиздан буни яшириб, бирор бошқа баҳона билан яқин муддатда қайтариб беришни ваъда қилган ҳолда қарз олса ва қайтармаса) бу жиноятдир. Ана шундай ҳолларда бемалол ички ишлар органларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

8. Судга беринг

Қарз қайтарилиши лозим бўлган муддат келди ёки бу муддат ўтиб ҳам кетти. Қарздор ўз ихтиёри билан олган қарзини қайтарадиганга ўхшамаяпти. Энди нима қилиш керак?

Бундай ҳолатда албатта тегишли ваколатли фуқаролик ишлари бўйича (одатда қарздор жойлашган ҳудуддаги) судга даъво аризаси киритишингиз лозим бўлади.

Унутмангки, бу текинга битмайди ва муайян тўловни амалга оширишни талаб қилади. Даъво ариза судда кўриб чиқилиши учун қарз суммасининг 2 фоизи миқдоридаги (масалан 100 млн. сўм қарз учун 2 млн. сўм) пулни давлат божи сифатида тўланади. Хавотир олманг, агар судда ютиб чиқсангиз, давлат божи учун тўлаган пулингизни ҳам қарздордан ундириб олишингиз мумкин бўлади.

Бироқ судга даъво ариза киритдим, деганингиз бу иш битди дегани эмас. Бу асосий иш энди бошланди дегани. Олдинда ҳали суд жараёнлари бор, суддаги югур-югурлар, соатлаб кутишлар, тортишувлар, узоқ муддатга чўзилишлар ва ҳ.к.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ: Агар қўлингизда юқорида айтилгандай ишончли далиллар бўлмаса, судга бериш масаласини яхшилаб ўйлаб кўришни маслаҳат берамиз. Чунки қарзни олиш тугул, яна ортиқча харажатга тушишингиз мумкин. Ушовидан тушови...

 

9. Ижрони назорат қилинг.

Суд жараёнлари кўнгилдагидек ўтса ва сиз кутгандек қарор қабул қилинса ҳам қарздор «мана» деб пулни бериб қўймайди.

Суднинг сизнинг фойдангизга чиқарилган ҳал қилув қарори ва ижро варақасини олинг-у, қарздор яшайдиган туман (шаҳар)даги Мажбурий ижро бюросига чопинг. Ундирув бўйича ижрочи ходим ким эканлигини аниқланг, у билан яқиндан танишиб олинг ва имкони бўлса хизмат хонаси ҳамда қўл телефони рақамларини олинг. Чунки ижрочининг қўлида иши кўп, сизнинг ишингиз ёдидан чиқиб кетиши ёки шунчаки сизгача навбат етиб келиши чўзилиб кетиши мумкин. Шундай қилиб, қарзни ундириб олиш учун узоқ давом этадиган жараёнларнинг энг сўнгги босқичида сизга ўз ишига маъсулиятли ижрочи учрашини тилаб қоламиз.

Агар қарздорнинг номида мол-мулки бўлмаса ва тайинли жойда ишламаса, унда... Сизга ҳамдардмиз...

«Қўл билан бериб, оёқ билан оламан» деганлари шу бўлади...

 

10. Одамгарчиликни ҳам унутманг.

Қарз олди-бердисида тарозининг бир палласида масаланинг ҳуқуқий томони турса, иккинчи палласида диний-маърифий томони туради. Қарздорлар ҳар доим ҳам атайин, ғараз ниятда қарзини қайтармай, қочиб юрмайдилар. Кўпчилик ҳақиқатдан моддий имконияти ночорлиги ёки айрим сабаблар билан олиндан кўзланган мақсадга ета олмаганлиги учун қарзини вақтида қайтара олмаслиги ҳам мумкин. Шундай пайтларда қарздор тарафни ҳам тўғри тушуниш ва масаланинг диний томонларини ҳам ўрганиб қўйиш, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Сайтимизда аввалроқ эълон қилинган «Қарз олувчи ҳам, берувчи ҳам Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилсин» номли мақолада ҳам шу хусусда сўз юритилганди. Қарз беришнинг савоби ҳадя берганнинг савобидан кўра кўпроқлиги ҳақида ҳадиси шариф бор. Шунингдек, Қуръони мажиднинг бир неча жойида «Аллоҳ учун қарзи ҳасана берувчи борми?» маъносидаги оятлар келади (Бақара, 245; Моида, 12). Бу бой, мард кишиларга хитоб. Ўшандай кишилар қарзи ҳасана беришсин ва қарз олган тараф то жойини тўлдиргунича сабр этиб, қисталанг қилмай турсин. Бу вақтда Раззоқ ва Ваҳҳоб Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бошқа томондан қарзи ҳасана берган мўмин бандасига файзу баракот етказиб туради. Бу одамзотнинг эмас, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ваъдаси. У Зот ваъдасига асло хилоф қилмайди!

Пайғамбаримиз (с.а.в.)  марҳамат қиладилар: «Жаннатга кирдим ва унинг эшигида: «Садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)», деган ёзувни кўрдим. Шунда: «Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади?» деб сўрадим. У айтдики: «Садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлганнинг қўлига тушади» (Табароний ривояти).

 

Сўнгсўз ўрнида: қарздорларга маслаҳат

Қарз берганларга маслаҳат бердик, қарздор инсофсиз бўлса қарзни қайтариш осон эмаслигини ҳам кўрдик. Агар Сиз кимдандир қарздор бўлсангиз, балки буларни ўқиб хурсанд ҳам бўлаётгандирсиз. Бироқ...

Сизга маслаҳатимиз, бировнинг ҳаққидан қўрқинг. Қуйидаги ҳадисларни ўқиб чиқсангиз ёмон бўлмасди:

Жобир розиллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза ўқимас эдилар. Бир маййит олиб келинди. Бас, у зот: «Унинг зиммасида қарзи борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди.  «Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг» дедилар. «Ўша икки динор менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза ўқидилар».

Ушбу ҳадисга биноан, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин, марҳумнинг фарзандлари ёки яқинларидан бири қарзини адо қилишни зиммасига олади ва сўнгра жаноза намози ўқилади.

Насаий қилган ривоятда: «Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса ва яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас» дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатади. Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат эгаси кечиради холос. Эгаси ҳақидан кечмагунча Аллоҳ таоло ҳам кечирмайди.

Top