13:04 / 09.10.2017
8410

Каталония вазири Европа Иттифоқига аъзолик ҳақида гапирди

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи қонунчилигида мустақиллик ҳақида эълон қилинган тақдирда, минтақа миллий давлат таркибида Европа Иттифоқидан ташқарида бўлиши ҳақида ҳеч қандай банд йўқ, дея маълум қилди Каталония ташқи ишлар вазири Рауль Ромева.

Иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича еврокомиссар Пьер Московиси аввалроқ Европа Иттифоқи минтақавий ҳамжамиятнинг аъзоси сифатида фақат Испанияни тан олиши, ҳамда агар Каталония мустақил бўлса, у иттифоққа аъзо бўлмаслиги ҳақида маълум қилганди.

«Бу бирон-бир жойда қайд этилмаган», - дея айтиб ўтди Ромева RTBF телерадиокомпанияси эфирида.

Испания ҳукумати томонидан тан олинмаган ва мамлакат Конституциявий суди томонидан ўтказилишидан аввал музлатиб қўйилган мустақиллик бўйича референдум 1 октябрь куни бўлиб ўтди. Баъзи участкаларда полиция ва овоз бериш қатнашчилари ўртасида тўқнашувлар юз берди, ҳар икки томонда ҳам жабрланганлар бор. Мустақиллик учун иштирокчиларнинг 90,18 фоизи овоз берди, референдумда қатнашиш миқдори 43,03 фоизни ташкил қилди.

Давлат раҳбари, Испания қироли Фелипе VI фуқароларга мурожаатида, Каталония ҳукумати ноқонуний референдумни ўтказишга қарор қилиб, «Испания бирдамлигини йўқ қилиш» учун «қабул қилинмайдиган итоатсизлик» кўрсатганини маълум қилди. Мариано Рахой ҳукумати Каталония расмийлари билан музокаралар олиб боришдан бош тортмоқда.

Top