14:00 / 09.10.2017
30749

Сафар таассуротлари. Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудлари аҳолиси қандай яшамоқда?

Аслида бундай кўҳна юртга, қадимий шаҳарлар-у, маданият бешигига «саёҳат қилдик» дейиларди. Афсуски, биз бундан дейишдан йироқмиз, негаки, кўрган ва эшитганларимиз ҳар қандай кишини атрофдаги ҳодисалар ҳақида чуқур фикрлашга мажбур қилиши тайин. Аввало, Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудига кетаётганимни билиб, қолаверса, смартфондаги виджетларнинг «маслаҳатига» қулоқ тутиб, иссиқ кийимларни ҳам қўлга олдим. Аммо, бу ўйлаганимдан ҳам совуқ ҳудуд: шунчаки кўчада узоқроқ вақт туриш қийин, ўзимни ёғингарчилик йўқ бўлган Сибирга келиб қолгандек ҳис қила бошладим.

Кишиларнинг муомаласи ажойиб, нотаниш инсонни «ака» деб чақиради, ёрдам қилишга ошиққан хоразмликлар, меҳмондўст дангалчи қорақалпоқ халқи илиқ таассурот қолдирди. Шунга қарамай, мен халқдан тушган мурожаатлар бўйича борган эдим. Табиатан қўрс бўлган раҳбарлар, ноҳақликка сабабчи бўлиб турган шахслар билан суҳбатлашиб олишим зарур эди. Буёғи қандоқ бўлган, тасаввур қилаверинг.

Баъзида узоқ тумандаги халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароитига қараб ачиниб кетдим. Негаки, пойтахтда блокчейн, аутсоурсинг, биг-дата тушунчалари ҳақида мушоҳада қилиб юрганлар бу ерда, бир суткада нари борса, 7 соат бериладиган электр энергияси, эГРEСдан 3 км узоқда бўлса ҳам, газ етказилиши узиб қўйилган, аммо гази йўқ қишлоқдан 200 м масофада ғиштхонада ловуллаб ёниб турган оловни кўрмаганку! Биз дабдабали тўй-маросимларни уюштириб, дам олиш масканларини тўлдириб юрганимизда, мана шу аҳоли ҳаёт учун зарур муаммоларни ўйлайди, «кўмирни бугунга етказайлик» деган ғам билан яшайди.

Тумандан шаҳарга томон ҳаракатлансам, йўл, бозордаги шароитларга кўзим тушди. Ҳоким бува булар ҳақида гапириб, нуқул кўзини олиб қочишидан маълумки, вазият ҳозирча ўзгармайди.

Ва ниҳоят, шаҳар! Ҳаёт жўшқин, ҳамма ўз иши билан банд. Бу ҳам ўз ўрнида Тошкент ва унинг атрофида шаклланган ҳаётни эслатиб юборди: вилоятдан пойтахтга келсангиз, кўнглингиз ёришиб кетадику! Тарих ва замонавийлик уйғунлашиб кетган бинолар кўчаларнинг кўркига янада чирой бағишлаб тургани рост. Лекин, айрим амалдорнинг бепарволик билан иш олиб бориши дилни хира қилаверади. Бемор кишига пул ажратмаган банкка бордим, суҳбатлашдим, жўяли изоҳ бермади. Бемор болани кўрдим, ҳорғин, дам олиб ётган экан. Йўлимда давом этиб, сохта рақамларни Вазирлар Маҳкамасига юбориб, қарор чиққач, ана шу қарорни барча шикоят аризаларига рўкач қилиб юрган раҳбарни ҳам кўрдим. Лекин, ҳар гал содда кишилар атрофимда пайдо бўлиб қолаверди. Улар билан бироз суҳбатлашиб, ҳаётига қизиқсам, унинг кўнгли тоғдек кўтарилашини кузатиб ҳайрон бўлдим. Ахир, ҳеч нима қилмадим, у эса шунисига ҳам шукр қилади.

Тошкентга бир олам хотира, билим ва ажойиб таассуротлар билан қайтиб келдиму.... Ана шу бемор боланинг вафот этгани ҳақида хабар ортимдан келибди. Ўйга чўмиб кетдим..

Алишер Рўзиохунов

Top